Тошкентда 1 январдан автобус ва метрополитенда йўлкира нархи ошиши кутилмоқда

Улашиш:

Тошкентда 2022 йил 1 январдан автобус ва метрополитенда йўлкира нархи 1 700  сўм этиб белгиланиши кутилмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокимининг «Янги тарифлар жорий қилиниши тўғрисида»ги қарор лойиҳасида кўзда тутилган.

Қарорда келтирилишича, йўлкира ҳақи йиғилишида шаффофликнинг таъминланиши шаҳар жамоат транспортида нақд пул орқали тўловларни амалга оширувчи йўловчилар сони камайиши эвазига транспорт карталаридан фойдаланувчиларнинг сони ва улардан тушадиган маблағларнинг кескин ўсишига, улар томонидан чекланган тарифлар асосида кўриладиган зарарлар миқдорининг камайишига олиб келади.

2022 йилда янги тарифларнинг жорий этилиши натижасида дастлабки ҳисоб-китобларга биноан, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ тизимидаги автобус саройлари ҳамда «Тошкент метрополитени» УКнинг кутилаётган умумий зарарининг миқдори камайиши эвазига шаҳар маҳаллий бюджетида 128—130 миллиард сўм миқдорида маблағлар тежалиши кутилмоқда.

Ушбу ҳужжат лойиҳаси 11 декабрь куни жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган бўлиб 24 декабргача давом этади.

Айни пайтда Тошкентдаги автобус ва метрополитенда йўлкира нархи 1 400 сўмни ташкил этади.

Бундан аввал Тошкентда йўл ҳақи 3 минг сўмли экспресс автобус йўналиши ташкил этилиши ҳақида хабар берилган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.