Ҳудудларда жамоат транспорти тизимини ривожлантириш учун Транспорт вазирлиги томонидан 5000 та автобус ва микроавтобус сотиб олиш, 81 та автовокзал қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда Damas микровэнларидан фойдаланишдан воз кечиш таклиф этилмоқда.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги «Ҳудудларда йўловчи ташиш тизимини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этди.Муҳокамалар 25 августга қадар давом этади.
Ҳужжатга мувофиқ, ҳудудларни жамоат транспорти билан тўлиқ қоплаш учун 4969 та автобус ва 3400 та микроавтобус етишмайди ҳамда мавжуд автопарк 60 фоизга эскирган. Лойиҳа доирасида 2022−2026 йилларда 3000 та автобус ва 2000 та микроавтобус харид қилиш, шунингдек, 278 та янги автобус йўналишларини ишга тушириш режалаштирилган.
Банклар томонидан тадбиркорларга автотранспорт воситалари сотиб олиш учун беш йил муддатга, шу жумладан, бир йилгача имтиёзли даврга кредит бериш таклиф этилмоқда. Кредит фоизларининг Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан ортиқ бўлган қисми 2022 йилда маҳаллий бюджетларнинг орттириб бажарилган қисмидан тўлаб берилади, 2023 йилдан бошлаб зарур маблағлар маҳаллий бюджет параметрларида кўзда тутилади
Автобус ва микроавтобуслар сотиб олиш дастурига асосан ажратилаётган кредитлар тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларига 1 йилгача бўлган имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 5 йил муддатга тақдим этилади.
Янги автовокзаллар қуриш учун ер участкалари тадбиркорларга онлайн аукционлар якунлари бўйича ажратилиши мумкин. Лойиҳада автовокзаллар учун ер ва мол-мулк солиғини ўрнатилган ставканинг 1 фоизи миқдорида белгилаш таклиф этилмоқда.
Халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ишлаб чиқилган жамоат транспортини ривожлантириш чора-тадбирлари асосида Нукус шаҳри ва вилоят марказларида жамоат транспортини ривожлантириш режалари ишлаб чиқилади.
Лойиҳада ҳар йили камида бир марта шаҳар автобус йўналишларида қўлланилаётган йўл кира тарифларини амалдаги ҳақиқий харажатлардан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш таклиф этилмоқда. Маҳаллий бюджетлар параметрлари шакллантирилаётганда шаҳар йўналишларида чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташиш натижасида ташувчилари кўрадиган зарарларни қоплаш учун маблағлар кўзда тутилади ва ушбу маблағлар ташувчиларга белгиланган тартибда тўлаб берилади.
2023 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимлари фаолияти самарадорлигини баҳолашда ҳудуддаги автобус йўналишлари тармоғи, автобуслар сони, жамоат транспорти ва инфратузилмаси сифати, бажарилган иш ҳажмлари, молиявий қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағлар каби кўрсаткичларни эътиборга олиш таклиф этилмоқда.
2023 йил 1 январдан бошлаб йўловчи ташиш йўналишлари функциясига кўра қуйидаги турларга бўлиш таклиф қилинмоқда:
- шаҳар йўналишлари — магистрал, боғловчи, ҳалқа ва етказиб берувчи йўналишларга;
- шаҳар атрофи йўналишлари — магистрал, боғловчи ва етказиб берувчи йўналишларга;
- шаҳарлараро йўналишлар — магистрал ва боғловчи йўналишларга.
2023 йил 1 январдан бошлаб барча автовокзал ва автостанцияларда шаҳарлараро ва халқаро автобус йўналишлари бўйича ягона электрон онлайн чипта сотиш тизими жорий этилади. Транспорт вазирлиги автовокзал ва автостанциялардаги жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш ва «онлайн» мониторинг қилиш мақсадида жорий йил якунига қадар «Е-Vokzal» электрон платформасини ишга тушириши лозим.