Инсонларни рози қилиш олий мақсад

Улашиш:

Маълумки, сектор раҳбарларига ҳудудларда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни янада кенгайтириш, муаммоларни аниқлаш ва уларни жойида бартараф этиш мақсадида жойларга чиққан ҳолда сайёр қабуллар ўтказиш асосий вазифа сифатида белгиланган.

Шу маънода халқ билан очиқ мулоқот қилиш, аҳолининг талаб ва таклифларини ўрганиш, уларнинг дардларини тинглаш, муаммоларни имкон даражасида жойида ҳал қилиш мақсадида Янгиер шаҳрида Сирдарё вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Улуғбек Хатамов сайёр қабул ўтказди. Тадбирда шаҳар ҳокими, сектор раҳбарлари ва бошқа масъул ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Қабул давомида 50 нафарга яқин фуқаролар иштирок этишди. Уларнинг моддий ёрдам, бандлик, маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, субсидия олиш, кадастр ва электр, кредит олиш каби йигирмага яқин масалаларга оид мурожаатлари тингланди. Айрим мурожаатларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, муддат талаб қиладиганлари эса назоратга олинди.

Талабалик бахти насиб қилган 4 нафар талабанинг олий таълимда ўқиши учун шартнома тўлови тўланиб бериладиган бўлди. Наврўзобод маҳалласида яшовчи Рўзибоева Сурайё бир неча йилдан бери талаба бўлишни орзу қиларди. Бу йил унга талаб бўлиш бахти насиб қилди. Ҳудуддаги мактабгача таълим масканида тарбиячи бўлиб ишлаётган Сурайё шартнома тўлови масаласида сайёр қабулда иштирок этди. Унинг мурожаати ҳал этилдими?

- Мен Гулистон давлат университетига тўлов шартнома асосида талабаликка тавсия этилдим, лекин шартнома суммасини тўлашга имкониятим бўлмагани сабабли бу мурожаатим билан сайёр қабулда қатнашяпман,- дейди “Наврўзобод” маҳалласида яшовчи Сурайё Рўзибрева. – Бир неча йиллардан бери талаб бўлишни орзу қилардим. Маҳалламиздаги мактабгача таълим масканида тарбиячи бўлиб ишлайман. Сектор раҳбари менга ёрдам берадиган бўлди. Энди мен ҳам талаба деган бахтга эришдим десам бўлади.

Ҳа аҳоли муаммолари ижобий ечим топишда сектор раҳбарлари бошчилигида ташкил этилаётган бундай сайёр қабуллар муҳим аҳамият касб этмоқда десак муболаға бўлмайди. 

- Вояга етмаган фарзандларим бор, уларга кийимлар олишда ёрдам сўрадим, - дейди Оқила Бегалиева. – Болаларимни бир қўл билан катта қиляпман. Бугунги қабулда иш масаласида ҳам муаммоларимни айтдим. Менга ёрдам берадиган бўлишди. Мана шундай сайёр қабулларнинг тез-тез ўтказилиши биз каби муаммолари бор инсонларга ёрдам беришида ўрни катта деб ўйлайман.

Мулоқот давомида мурожаатларга жойида ижобий ечим топишда, ҳал этилиши муддат талаб этадиган масалалар бўйича масъуллар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.

Бу каби тадбирлар халқ билан фаол ва очиқ мулоқотлар қилиш орқали аввало   инсон ҳуқуқи ҳамда манфаатларини таъминлаш орқали халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шарт-шароит яратишга хизмат қилади. 

Илғор Халилов,

Сирдарё вилояти солиқ бошқармаси шўъба бошлиғи. 

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.