Келгуси 5 йилда Ўзбекистонда жамоат транспорти қандай ислоҳ қилинади?

Улашиш:

2022−2026 йилларда республика бўйича ягона транспорт тизимини ривожлантириш, Тошкент ва йирик шаҳарларга узоғи билан 6−7 соатда бориб-келиш имкониятини яратиш таклиф этилаяпти. Бунинг учун 2022 йилда пойтахт жамоат транспорти учун 673 та электробус ва 14 та метро поездини харид қилиш мақсад қилинган. 60 та шаҳарлараро автобус йўналишини ташкил этиш, маҳаллий авиақатновлар сони эса ҳафтасига 48 тадан 80 тага етказиш кўзда тутилган.

Келгуси 5 йилда барча транспорт турларини узвий боғлаган ҳолда ягона транспорт тизимини ривожлантириш, Тошкент ва йирик шаҳарлар ўртасида кунлик транспорт қатновлари бўйича узоғи билан 6−7 соатда манзилга етиб бориш ва қайтиб келиш имкониятини яратиш мақсад қилинган.

Бу жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган 2022−2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси лойиҳасида қайд этилган.

Унга кўра, Тошкент шаҳар жамоат транспорти ҳамда ҳудудларда йўловчи ташиш транспорти тизимини такомиллаштириш ва унинг инфратузилмасини ривожлантириш кўзда тутилаяпти.

Транспорт ва логистика хизматлари бозори ва инфратузилмасини ривожлантириш, темир йўл инфратузилмасини электрлаштириш даражасини 60 фоизга етказиш ва автомобиль йўллари тармоғини жадал ривожлантириш режа қилинган.

Шундан келиб чиқиб, 2022 йилга мўлжалланган Йўл харитасида пойтахт жамоат транспорти, шаҳарлараро йўловчи транспорти ва ҳаво йўллари қатновларини ривожлантириш, концепциялар ишлаб чиқиш таклиф этилаяпти.

Тошкент шаҳри жамоат транспорти

Таклифларга кўра, 2022 йил февралга қадар Вазирлар Маҳкамасининг Тошкент шаҳрида ўзаро узвий боғланган барча транспорт турларини ривожлантириш Дастурини ишлаб чиқиш кўзда тутилаяпти.

Бунда қуйидагилар режа қилинган:

  • 673 дона электробус харид қилиш;
  • шаҳар йўловчи ташиш транспортининг барча турларини узвий боғлаган ҳолда 11 та магистрал, 14 та ҳалқа, 92 та боғловчи ва 42 та етказиб берувчи янги мунтазам автобус йўналишлари тармоғини яратиш;
  • намунавий дизайн асосида йўловчилар, жумладан имконияти чекланган шахслар учун қулай шароитга эга бўлган 1160 та оралиқ бекатларини қайтадан қуриш.

Тошкент шаҳри жамоат транспортининг камида 5 та йўналишида хорижий экспертлар томонидан ишлаб чиқилган «босилган йўл», «йўловчи оқими» ва «сифат» мезонлари асосида бажарилган ишлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда ташувчиларни молиялаштиришнинг янги тизимини (Pool system) жорий этиш бўйича эксперимент ўтказиш мақсад қилинган.

Аҳолини соғлом турмуш тарзини яратиш мақсадида ҳар йили 50 кмдан, 5 йил давомида жами 250 км велосипед ва пиёдалар йўлакларини қуриш режалаштирилган.

2022 йил июлгача Вазирлар Маҳкамасининг тирбандлик юқори бўлган кўчаларда йўл ўтказгичлар қуриш концепциясини ишлаб чиқиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини тайёрлаш кўзда тутилган.

Қолаверса, Ҳукумат қарори лойиҳаси билан ер усти йўловчи ташиш транспорти йўналишлари тармоғини метрополитен билан интеграциялаш ва инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда (5 йилда) 84 та, шу жумладан 2022 йилда 14 та янги ҳаракат таркибини (метро поездларини) харид қилиш таклиф этилаяпти.

Шаҳарлараро йўловчи транспорти

2022 йилнинг май ойига келиб, Вазирлар Маҳкамасининг йўловчи ташиш транспорти тизимини тубдан такомиллаштириш Дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш кутилаяпти.

Бунда қуйидагиларни амалга ошириш мақсад қилинган:

  • аҳоли пунктларнинг жамоат транспорт билан қамровини 95 фоизга етказиш;
  • ўрта ва йирик шаҳарларда жамоат транспортидан фойдаланиш улушини 22 фоиздан 35 фоизга ошириш;
  • вилоят марказларида «Дамас» русумли енгил автомобиллар фаолият кўрсатувчи йўналишларни босқичма-босқич автобус ва микроавтобуслар билан алмаштириш;
  • 52 та автостанция қуриш ҳамда 29 тасини реконструкция қилиш;
  • 278 та янги автобус йўналишлари очиш;
  • 60 та янги шаҳарлараро автобус йўналишларини ташкил этиш;
  • автобус ҳайдовчиларининг меҳнат ва дам олиш режимига риоя этилиши устидан назорат тизимини такомиллаштириш.

Мунтазам йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари учун янги автобус ва микроавтобусларни олиб киришда ёки маҳаллий ишлаб чиқарувчидан харид қилишда ҚҚСни фоизсиз ва унинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш тизимини жорий этиш кутилмоқда.

Қарши ва Андижон шаҳарларининг жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш ва унинг инфратузилмасини ривожлантириш Концепцияларини ишлаб чиқиш ҳам режада бор.

Ҳаво транспорти

2022 йилда ҳаво транспортини ривожлантириш орқали шаҳарлараро қатновларда аҳоли мобиллигини ошириш таклиф этилаяпти.

Бунда қуйидагиларни амалга ошириш кўзда тутилаяпти:

  • маҳаллий ташувларда хусусий ва лоукостер авиакомпаниялар улушини босқичма-босқич 25 фоизгача ошириш;
  • маҳаллий авиақатновлар сонини ҳафтасига 48 тадан 80 тага ҳамда туташувчи қатновлар сонини 4 тадан 8 тага етказиш;
  • ижтимоий талаблардан ҳамда заруриятдан келиб чиққан ҳолда янги ва мавжуд маҳаллий авиақатнови йўналишларини субсидиялашни давом эттириш.

2022 йил июнга қадар ҳудудлардаги ҳар бир аэропортни техник ҳолатидан келиб чиқиб иқтисодий ҳисоб-китоблар асосида аэропортларни ривожлантириш концепцияси ва ҳар бир аэропорт бўйича манзилли дастур ишлаб чиқиш мақсад қилинган.

Бунда асосий эътибор қуйидагиларга қаратилади:

  • ҳудудлардаги 11 та халқаро аэропортларнинг ўтказиш қобилиятини 2 баробарга ошириш;
  • аэропортларда 11 та янги юк терминалини қуриш орқали юкларга хизмат кўрсатиш ҳажми 3 баробарга ошириш.

Навоий аэропорти ҳамда халқаро интермодал логистика маркази бошқарувига йирик хорижий юк операторини жалб қилиш таклиф этилаяпти.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.