“Қишки перевод” ҳақида расмий маълумот берилди

Улашиш:

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги баҳорги семестрда узрли сабабларга кўра ўқишни кўчириш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш бўйича ҳудудий ИШЧИ ГУРУҲЛАРИ фаолияти йўлга қўйилганини маълум қилди.

Ҳудудий ишчи гуруҳлари 2022 йилнинг 20 январь кунига қадар (шу куни ҳам) соат 9:00 дан 17:00 гача (якшанба ва байрам муносабати билан белгиланган саналар – дам олиш куни; шанба — соат 9:00 дан 15:00 гача) фаолият кўрсатади.

Низомга кўра, талабалар ўқув йилининг ўртасида қуйидаги узрли сабаблар бўлсагина ариза топширишлари мумкин:

республиканинг бир ҳудудидан иккинчи ҳудудига доимий яшаш учун ёки турмушга чиқиш муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган (доимий рўйхатдан ўтган) ҳудудга кўчиб ўтганда;

турмуш ўртоғи ёки ота-онаси ҳарбий хизмат ўташ жойини ўзгартирганда;

ота-онаси (турмуш ўртоғи) хориждаги давлат хизматидан қайтганда.

БУ МУҲИМ: ушбу ҳолатлар фақатгина 2021/2022 ўқув йили мобайнида бўлган бўлиши керак. Бошқача айтганда 2021 йил сентябрь-декабрь ойларида яшаш жойи ўзгарган, турмушга чиққан, ҳарбий хизмат жойи ўзгарган ёки хориждаги ДАВЛАТ ХИЗМАТИдан қайтган бўлиши лозим. Масалан, ўтган йили турмушга чиққан бўлсаю, энди ўқишни кўчирмоқчи бўлса, қоида тариқасида, ўқув йили ўртасида рухсат берилмайди.

Юқоридаги ушбу сабаблардан бошқа ҳолатларда фуқаролар “қишки перевод”дан фойдалана олмайди, улар ўқишни кўчириш бўйича умумий тартибда ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.

Ўқишни қайта тиклаш бўйича (кўчириб тиклаш бундан мустасно) аризалар талабанинг четлатилганлигига неча йил бўлганлигидан қатъи назар бевосита муайян ОТМга тақдим этилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.