Хориж ОТМларидан ўқишни Ўзбекистонга «перевод» қилишнинг ўтиш бали белгиланди

Улашиш:

 Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хориж ОТМларидан ўқишни Ўзбекистонга «перевод» қилишнинг ўтиш балини белгилади.

Маълум қилинишича, 2021/2022-ўқув йили учун хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш бўйича 2020/2021-ўқув йили учун тасдиқланган фанлар мажмуасига мувофиқ 2 та фандан ўтказиладиган махсус синовлар (тест, касбий (ижодий) имтиҳон) натижаларига кўра ўтиш бали тўплаш мумкин бўлган максимал баллнинг 35 фоизи (66,1 балл) этиб белгиланди.

Шунингдек, ўтказиладиган махсус синовлар натижаларига кўра белгиланадиган контракт-тўлов суммаси ҳақида ҳам маълумот берилди.

Вазирлик вакили Абдували Холиқовнинг сўзларига кўра, бошқа вазирликлар тасарруфидаги ОМТлар учун ўтиш балларини ўша вазирликлар ўзи тасдиқлайди. Масалан, тиббиёт ОТМлари учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтиш балини белгилайди. Шунингдек, 66,1 балл доим бир хил ҳолда сақланиб қолмаслигини ҳам билдириб ўтган.

«Ўқишни кўчиришда 1 йил олдинги кириш имтиҳонларидаги максимал балл асос қилиб олинади. Белгиланган бу ўтиш балли кейинги йилларда ҳам бир йил олдинги баллга қараб белгиланади ва ўзгариши мумкин», — деган Холиқов.

Эслатиб ўтамиз, 2021/2022-ўқув йили учун хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан ўқишни кўчириш бўйича ўтказиладиган махсус синовлар натижасига кўра тўплаш мумкин бўлган максимал балл 189 баллни ташкил этади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.