Жиззах шаҳри ва Бахмал туманидаги хонадонларда ёнғин содир бўлди

Улашиш:


Жиззах вилоятида 4 январга ўтар кечаси иккита ёнғин содир бўлди, деб хабар беради вилояти ФВБ матбуот хизмати.

Хусусан, 3 январь куни тунги соат 23:33 ларда Жиззах шаҳар «Маданият» маҳалласида жойлашган хонадонларнинг бирида ёнғин содир бўлганлиги тўғрисида хабар келиб тушган. Дарҳол ёнғин жойига шаҳар ФВБнинг 2 та ёнғин-қутқарув бўлинмаси юборилган.

Қутқарувчилар айтилган манзилга соат 23:38 да етиб борган ва ёнғин соат 00:02 да батамом ўчирилган. Ёнғин натижасида хонадоннинг 30 квадрат метр майдонда том-шифт қисми ёниб зарарланган. Жабрланганлар йўқ. Дастлабки суриштирув натижаларига кўра, электр симларининг қисқа туташуви ёнғинга сабаб бўлган. Кўрилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Шунингдек, 4 январь куни соат 00:30 ларда Бахмал тумани «Файзобод» МФЙда жойлашган хонадонларнинг биридан ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида 101 қисқа рақами орқали хабар келиб тушган. Воқеа жойига туман ФВБнинг қутқарувчилар бўлинмаси юборилган. Тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 00:45 да батамом ўчирилган ва 42 квадрат метр майдондаги моддий бойликлар ёнғиндан сақлаб қолинган. Тан жароҳати олганлар йўқ.

Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси юқоридаги каби кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида фуқароларни ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилишга чақиради. Иситиш мавсумида газ ва электр жиҳозларини назоратсиз қолдирмаслик ҳамда қўлбола иситиш печларидан фойдаланмаслик ёнғин, чақнаш ва ис газидан заҳарланиш каби кўнгилсизликларнинг олдини олишга хизмат қилади», — дейилади хабарда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.