Жума куни эрталаб Тошкентнинг Юнусобод туманидаги Учқаҳрамон айланма йўлида жойлашган электрон реклама экрани ёниб кетди. Ёнғин натижасида жабрланганлар йўқ.
Бугун, 23 июль куни соат 09:29 да Юнусобод тумани ТХАЙ кўчаси Учқаҳрамон айланма йўлида жойлашган электрон реклама қурилмасида ёнғин юзага келганлиги ҳақида Тошкент шаҳар ФВБга хабар келиб тушган. Бу ҳақда ФВБ ахборот хизмати хабар берди.
Шундан сўнг, ёнғин қутқарув техникалари соат 09:33 да воқеа жойига етиб бориб, 09:38 да ёнғин ўчирилган.
Ёнғин натижасида жабрланганлар йўқ. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.
«Ёнғиннинг дастлабки сабаблари аниқланмоқда, аммо мутахассислар айтганидек, бу қисқа туташув содир бўлиши оқибатида юзага келгани эҳтимоли катта», — дея таъкидлади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.