Булунғурда лицензиясиз киракашлик қилаётган фуқаролардан пул ундириш билан шуғулланиб келган гуруҳ аъзолари ушланди

Улашиш:

Самарқанд вилояти Булунғур туманида товламачилик билан шуғулланиб келаётган гуруҳ фаолиятига чек қўйилди, деб хабар беради вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Самарқанд вилояти ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бошқармаси ходимлари томонидан «Булунғур деҳқон бозори» ҳудудида икки нафар шахснинг фуқаролардан лицензиясиз киракашлик фаолияти билан шуғулланаётгани учун доимий равишда товламачилик йўли билан пул талаб қилиб келаётгани тўғрисида маълумот олинган.

Мазкур ҳолат бўйича 2021 йил 23 декабрь куни Булунғур тумани «Булунғур» деҳқон бозори олдида Самарқанд вилояти ИИБ ҳамда ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда И.К. исмли шахс фуқаро И.дан кунлик талаб қилиб келаётган 40 минг сўм пулни олган вақтида далилий ашёлар билан ушланган

Фуқаролар И.К. ва А.К. Булунғур туман ИИБга олиб келиниб, холислар иштирокида ён чўнтаклари кўздан кечирилганда, улардан тадбир учун ишлатилган махсус ишлов берилган пуллар экани аниқланиб, ҳужжатлаштириб олинган.

Шунингдек, И.К. ва А.К. билан олиб борилган суриштирув ишлари давомида улар «Гулбаҳор опа транс» МЧЖ ходимлари 17 та такси автомашиналарига рухсати бўлишига қарамасдан, 100 га яқин такси автомашиналардан кунлик 40 минг сўмдан пул маблағларини ноқонуний равишда ундириб, МЧЖнинг раҳбари Х.Г.га бериб келишини ва ўзларининг шахсий манфаатлари йўлида ишлатиб келаётганини маълум қилган.

Суриштирув ишлари давомида ушбу «Гулбаҳор опа транс» МЧЖда пул териш ишлари билан шуғулланувчи яна 3 нафар фуқаро — Х.Ш., Ҳ.С. ва Б.А. аниқланиб, туман ИИБга олиб келинган.

Бундан ташқари, ўтказилган тезкор тадбир давомида Булунғур тумани марказида жойлашган бекатларда пул йиғиш билан шуғулланувчи Ж.Б. исмли шахс ҳам аниқланган. У билан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида Ж.Б. «Баҳора авто йўловчи» ХКда ишлашини ва йўналишига қараб кунлик «стоянка» ҳақи учун ҳар бир автомашинадан кунлик 2-4 минг сўмгача, лицензиясиз фаолият олиб боришлари учун эса ҳар бир автомашина эгасидан кунлик 20-50 минг сўмгача нақд пул маблағларини териб олишини ва жамият раҳбари Э.А.га топширишини маълум қилган.

Шундан сўнг «Баҳора авто йўловчи» ХК директори Э.А. ушланиб, шахсий тинтув қилинганда унинг ёнидан такси автомашиналарини ёзиб борувчи дафтар, ручка ва 670 минг сўм пул борлиги аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.

 

Мазкур ҳолатлар бўйича олиб борилаётган терговга қадар текширув давомида И.К. ва унинг укаси А.К. бир гуруҳ бўлишиб, 2021 йил 28 август куни соат 13:30 ларда жамоат жойи ҳисобланган Булунғур тумани «Меҳржон» маҳалласи ҳудудида жамиятда ўрнатилган одоб-ахлоқ нормаларига зид равишда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, ҳеч бир сабабсиз фуқаро Д.Р.нинг танасининг турли соҳаларига уриб-дўппослашиб, унга тан жароҳати етказишгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Булунғур туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан И.К. ва А.К. га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми «в» банди ва 277-моддаси (безорилик) 2-қисми «б» банди билан билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчилар ушланган.

Тадбирнинг қолган 6 нафар иштирокчиларига нисбатан 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.