Брюс Ли билан тўққиз йил

Улашиш:

Кунг-фу ва каратэнинг мислсиз устаси, дунёга машҳур киноюлдуз Брюс Ли­нинг рафиқаси – америкалик Линда Ли  ҳақида нималар маълум? Фред Вайн­трауб хотираларини ўқисангиз, унинг Брюс Ли учун қанчалик яқин инсон бўлганини англаб оласиз: «Брюс менинг яқин дўстим эди. Унинг қал­би меҳрга лиммо-лим бўлса-да, қалбан жу­да ёлғиз эди. Брюс ҳеч кимга ишонмай бу дунёдан ўт­ди. Фа­қат... фақат Линда бун­дан мустасно».

− 1963 йилнинг 23 октябригача Брюс билан танҳо учраш­маганман, − дейди Линда Ли (қизлик фамилияси Эмери). − Мен уни севиб қо­ла­ман, деб ўйламагандим. Чунки эндигина 18 ёшга тўл­ган, турмушга чиқишни хаёлига ҳам келтирмаган шад­дод­гина қиз эдим. Қисқаси, мен кунг-фуни ўрганишга келган талабалардан би­ри бўлганман. Бир куни машғулотда кунг-фу билан шуғулланаётганимизда Брюс зарбамни қайтариб, ерга йиқитди... ва ресторанга таклиф этди.

Ҳам­маси худди кинодагидек бўл­ди. Брюс менга ёқар, шунинг учун унда яхши таа­ссурот қолдиришни истардим. Учрашувга энг сўнгги урфдаги кўйлагимни кийиб бордим.

Ёдимда, оқшом шукуҳли, мен учун ҳаммаси гўзал эди. Брюс билан узоқ суҳбатлашдик. Мен у ҳақида кўпроқ билгим келар, тур­ли са­волларга кўмиб ташлардим. Брюс фалсафа ва пси­хо­ло­гияни ўқигани, ўрганганини айтиб, ўз фал­сафий қа­рашларидан мени ҳам огоҳ этди.

− Севги, бу − ўтга тушган дўстлик. Аланганинг бошла­ни­ши, сержило, қайноқ ва қудратли бўлади. Лекин бу­ларнинг ҳам­маси милтиллаётган чироқдир. Аммо ёш ўт­ган сайин юра­гимиз, ўчириб бўлмас икки тафт билан ёна­ётган лахча севгимиз ҳам зийрак ва сезгир бўлади, − деди Брюс.

Шу учрашувдан сўнг уни севмасликнинг им­­ко­ни йўқ эди мен учун. Университетдаги ўқишим, аниқроғи, инглиз тили курси менга оғирлик қила бошлади. Шунда Брюс менга ёрдамга келди. Асли она тили хитой тили бўл­са-да, у инглизчани шу қадар мукаммал ўрган­ган э­дики, сўз бойлиги кўпгина америка­­лик­ларга нисбатан ҳам анча бой эди.

1964 йилнинг июлида ҳаётимдаги энг муҳим масалани ҳал қилишимга тўғри келди. Гап шундаки, Брюс кунг-фу машғулотлари биз яшаб турган Сиэтлда яшаш учун етарли маб­лағ келтирмаслигини, Калифорния штати эса бу борада жуда қулай жой эканлигини айтиб қолди. Шундан сўнг Кали­фор­ниянинг Окленд шаҳрига кетиб, яқин дўсти, қатор жанговар санъат­лар устаси Жеймс Ли билан масла­ҳат­лашиб, август ойида қай­тди. Жеймснинг хо­ти­нидан никоҳ узугини ҳам олиб келибди.

Биз дастлаб Жеймс Лининг уйида яшадик, Кейин бошқа масканга кўчиб ўтдик. Кўп ўтмай Жеймснинг хотини икки гўдагини таш­лаб оламдан ўтди. Мен уй юмушлари билан машғул бўлар, болаларга қа­рар, Жеймсга ёрдамимиз тегаётганидан хурсанд эдим.

Брюс билан тўққиз йиллик ҳаётимизда 11 маро­та­ба уйдан-уйга кўчдик. Аммо бундан кайфиятимизни тушир­мас­лик­ка ҳаракат қилардик. Тўғрисини айтсам, Брюс би­лан бирга бўлишнинг ўзи мен учун чексиз бахт эди.

Брюснинг фильмлари кетма-кет намойиш қилина бошланди. Кун­дан-кунга унинг шуҳрати ошиб, киноюлдузга айланиб бо­рди. Афсуски, машҳурлар ҳақида фақат яхши гап­лар айтилавер­майди. Мени турли миш-миш ва ғийбатлар сароси­мага соларди. Ҳар са­фар Брюс бирор актриса билан роль ўйнаса, албатта, гап-сўзлар­ тарқаларди. Унинг ўли­мидан сўнг ҳам фисқу фасод тинмади. Ғаламислар турли во­қеаларни тўқиб чиқаришар, мен ҳам ногаҳонда «Эрим мени шунча пайт аҳмоқ қилдимикан?» деб ўйлаб қо­лар­дим.

Брюс кўпинча, «Сен тақдирнинг менга ато қилган бе­қиёс хазинаси, болаларим билан ёнимда бўлсанг бас, бу ҳаётим учун жуда зарур», дерди. Унинг гап­лари са­мимий ва дилдан айтиларди. Мен буни қалбим билан ҳис қилар, шунда ҳар хил гумонли хаёллар миям­ни тарк этар эди.

Брюс Ли машина­лар­ни яхши кўришини яширмасди. Ам­мо энг севимли машғулоти китоб ўқиш эди. Ҳеч қачон китоб­лар­га эътиборсиз бўлмас, уларга «ғояларнинг сар­чашмаси» деб қарарди. Брюснинг кутубхонасида фалсафий китоб­лар ниҳоятда кўп эди. Мен унинг китоблар, газеталар ёки қадимги Хи­той Дао-монахларининг кураши акс эттирилган суратлар дун­ёсига ғарқ бўлиб ўтиргани, чуқур ўй­га чўмиб шеър ёзаётган ёки таржима қилаётган пайт­ларини эслашни яхши кўраман.

Куз ёмғири,

Кезар қора булутлар,

Гулларнинг боши хам, ой юзи рангпар

Қушлар шошиб учиб кетар қайгадир.

Мана куз ҳам келди,

Бизларга

Ёлғизлик, ҳижронни туҳфа этгали

Айрилиш фурсати етди ниҳоят.

Кўп сўзлар айтилди орада, бироқ

Дилни тарк этмади туйғулар мутлоқ.

Зеро, қолгусидир сенга бу оят.

Ёлғизлик азоби этганда ҳамла

Кимсасиз гўшада сен уни эт ёд

Ва яна билгинки: барча ўйларим

Сен ҳақингда эди, фақат сен ҳақда.

Мен Брюс билан яшаган йилларимда нима ҳақда орзу қилиш мум­кин бўлса, ҳаммасини топдим. У кайфияти тез ўзгариб турувчи қай­ноқ ва таъ­сирчан инсон эди. Танишларим мени вазмин ва ҳиссиётли аёл деб ҳисоблашади. Мен Брюс билан ҳам­фикр бўла олар, ун­га осойишталик, самимий муҳаббатимни бе­ра олардим.

Бугун Брюс ёнимда йўқ. Усиз азоб чеккан пайт­ларимда Хитой шоири Цзу Ейнинг қуйидаги сатр­ларини ёдга оламан. Дар­воқе, уни Брюс хитой ти­лидан инглизчага ўгирган эди.

... Ахир сену мен

Бир улкан дарахтнинг икки бутоғи

Сен кулсанг

Менинг ҳам қалбимда кулгу

Ўксидинг −

Менинг ҳам дилимда қайғу

Фақат ишқ!

Бўлиши мумкинми ҳаёт ўзгача?

Ва ё мен?

Ва ё сен.

Иззат Аҳмедов.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.