Тошкентда 1999 йилда амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатларида иштирок этган яна бир шахс 23 йил ўтиб қўлга олинди

Улашиш:

Ўзбекистон ҳудудида террористик жиноятларни содир этгани учун 23 йилдан буён қидирувда бўлган У.С. хорижда ушланиб, мамлакатга олиб келинди.

Маълум қилинишича, У.С. (1967 йил Тошкент вилоятида туғилган) 1998 йилда Чеченистонда жанговар тайёргарликдан ўтиб, 1999 йилнинг 16 февраль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатларида иштирок этади ва ўша йилнинг март ойида айланма йўллар орқали хорижга чиқиб кетган.

Шунингдек, У.С. иорданиялик Амир Хаттоб томонидан Чеченистонда ташкил этилган жангариларни тайёрлаш лагерларига «Туркистон ислом ҳаракати» халқаро террористик ташкилотининг Ўзбекистондан бўлган аъзоларини жўнатиш билан ҳам шуғулланган.

Таъкидланишича, у 2001 йилнинг ноябрь ойида бошқа шахснинг номига расмийлаштирилган сохта ҳужжатлар асосида МДҲга аъзо давлатлардан бирининг фуқаролигини олиб, ўша мамлакат ҳудудида яшириниб юрган.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг чет эл махсус хизматлари билан ҳамкорликда олиб борган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида У.С. ҳибсга олинган. Ҳозирда унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг сентябрь охирларида ДХХ ходимлари томонидан «Туркистон ислом ҳаракати» («ТИҲ») халқаро террористик ташкилоти аъзоси, Ўзбекистон ҳудудида ўта оғир жиноятлар содир этгани сабабли 23 йилдан буён қидирувда бўлган Ю.Ж. хорижда ушланиб, мамлакатга олиб келинганди.

Аввалроқ Ўзбекистонда қидирувда бўлган шахс Россияда қўлга олингани, Россияда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган ўзбекистонлик ака-ука 6 йилга қамалгани, Ўзбекистонда фирибгарлик содир этгани учун халқаро қидирувда бўлган икки фуқаро Жанубий Кореядан экстрадиция қилингани тўғрисида хабар берилганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.