Тошкентда 1999 йилда содир этилган террорчилик ҳужумларида иштирок этган террорчининг суд жараёни ниҳоясига етган. У 20 йилга қамалган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот-хизмати хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамизки, 1999 йил 16 февраль куни Тошкентда қатор террористик ҳужумлар содир этилиб, 13 киши ҳалок бўлган ва юздан зиёд инсон жароҳатланган эди. Судланувчи 1999 йил январь ойида "Туркистон ислом ҳаракати" раҳбарларининг буйруғи билан Тошкентга келиб, бой фуқароларнинг уйларига ҳужум қилган, ўғирланган пул ва қимматбаҳо буюмларни эса Афғонистонга юборган.
Иш 23 февраль куни Мирзо-Улуғбек тумани Жиноят ишлари бўйича судида кўриб чиқилган. Суд мажлиси якунлари бўйича судланувчи терроризм, конституцион тузумга тажовуз қилиш, қўпорувчилик фаолияти, жиноий гуруҳ ва диний экстремистик жамоа тузиш, чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айбдор деб топилган. Жиноятларнинг умумийлигига кўра, у 20 йилга озодликдан маҳрум этилган.