“Ташаббусли бюджет” да иштирок этиб, 1 миллиард сўм маблагни қўлга киритинг ва ҳудудингиздаги ижтимоий муаммога ечим топинг

Улашиш:

Жорий йил июл ойида ўтказилаётган “Ташаббусли бюджет” да сиз ҳам таклифингизни илгари суринг ва маҳаллангиз ёки қишлоғингиздаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун 1 миллиард сўм маблағни қўлга киритинг. Бунинг учун нима қилиш керак? Бу саволга ушбу кўрсатувимиз орқали жавоб оласиз.

Ташаббусли бюджет

Ташаббусли бюджет – Жамоатчилик фикри асосида шаклланган бюджетдир. Яъни маҳаллий инфратузилмани туман, шаҳар, маҳалла ёки қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларига бюджет маблағларининг бир қисмини бевосита фуқароларнинг ташаббуси асосида йўналтиришдир. Бу жараён биринчи маротаба 2021-йилда бошланган бўлиб, ҳар йили феврал ва июл ойларида бўлиб ўтади.

Бу қандай амалга ошади?

Биринчи босқич:

 

Ташаббусли бюджет дастурининг биринчи босқичида туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан “Очиқ бюджет” ахборот портали ва бошқа ахборот манбалари орқали лойиҳаларни тақдим этиш тасдиқланган меъзонлар ва бошқа шартлар ҳақида аҳолини хабардор қилади.

Иккинчи босқич:

 

Шундан сўнг, ташаббускор фуқаро ёки фуқаролар маҳалласи ва қишлоғидаги ижтимоий муаммо юзасидан ўз лойиҳасини “Опен бюджет” поратли орқали таклиф қилиб қолдирадилар. Бунинг учун ташаббускор “Openbudget.uz” сайтидан рўйхатдан ўтиб, шахсий кабинетини очади. Шахсий кабинетда таклиф қолдириш бўлимидан ариза шаклини тўлдиради. Лойиҳа қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

  • Ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳусусиятларини ҳисобга олган ҳолда долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилган бўлиши керак;
  • Таклиф берувчининг шахсий манфаатларига қаратилмаслиги керак;
  • Лойиҳанинг умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 4000 бараваридан яъни ўртача 1 миллиард сўмдан ошмаслиги керак.
  • Лойиҳаларни порталга жойлаш учун 30 кун вақт берилади.

Учинчи босқич:

 

Учинчи босқичда лойиҳалар экспертизадан ўтаказилади ва танланади. Яъни ишчи комиссияга келиб тушган лойиҳалар тасдиқланган меъзонларга мослиги ўрганилади. Буларнинг барчаси 15 иш куни ичида амалга оширилади.

Тўртинчи босқич:

 

Бу босқич асосий ва белгиловчи босқич ҳисобланади. Чунки ташаббусли лойиҳаларга овоз бериш жараёни бошланади. Бунда бир фуқаро фақат битта лойиҳа учун овоз беради. Бу жараёнда фуқаро телефон рақами орқали “Опенбюджет.уз” сайтида 20 иш куни ичида овоз бериши керак.

Бешинчи босқич:

 

Сўнги босқичда барчаси ҳал бўлади ва энг кўп овоз тўплаган лойиҳа ғолиб деб эълон қилинади. Ғолиб лойиҳаларнинг сони жорий саралаш босқичида амалга ошириш учун ажратилган маблағлар миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Овоз бериш натижаларига кўра, ғолиб деб топилган лойиҳаларни нима кутади?

Порталдаги лойиҳалар бўйича овоз бериш натижаларини сарҳисоб қилган Ишчи комиссиянинг қарори асосида туман ва шаҳар ҳокимликлари лойиҳаларда белгиланган ишларни бажариш учун танлов ўтказиш жараёнларини ташкиллаштиради. Иш пудратчиларининг танлов орқали топиш билан бошланади. Лойиҳани танлаган ва уни ишлаб чиқишда иштирок этган фуқаролар ҳам лойиҳанинг амалга оширилишини назорат қилишда фаол иштирок этадилар.

Лойиҳаларни молиялаштириш учун туман ва шаҳар ҳокимликларида “Фуқаролар ташаббуси” жамғармаси очилган. Ушбу жамғарма – туман ва шаҳар бюджетларининг ҳар йил бошида аниқланадиган эркин қолдиқ маблағларининг камида 30 фоизи ва ҳар чорак якуни бўйича аниқланадиган прогноздан ошириб бажарилган қисмининг камида 30 фоизи асосида шакллантирилади.

Жиззах вилоятида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларининг амалга оширилиши:

Маълумки, “Ташаббусли бюджет” нинг пилот босқичи 2021 йили июл ойида бошланиб, сентябрь ойида якунланган эди. Ушбу жараён натижаларига кўра, Жиззах вилояти бўйича 74 та лойиҳа ғолиб деб топилган ва умумий 26 миллиард сўмдан ортиқ пул маблағлари ажратилган эди. Жорий 2022 йилда ҳам феврал-апрел ойлари оралиғида ташаббускор фуқаролар ўз лойиҳаларини илгари суришди. Бу сафар ғолиблар сони ҳам ажратилган маблағлар ҳам юқори кўрсаткичларда бўлди. Яъни 91 ташаббусли лойиҳа ғолиб деб топилиб, 52 миллиард сўмдан ортиқ пул маблағлари ажратиладиган бўлди.

Ташаббусли лойиҳаларни соҳаларга бўлиб қараганимизда, асосан ички йўлларни таъмирлаш, мактаб ва боғчаларнинг таъмири, шароитини яхшилаш ва бошқа кўплаб ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган лойиҳалар таклиф қилинган.

Таклифларнинг кўпчилигини маҳаллий йўлларни ва кўчаларни таъмирлашга қаратилган лойиҳалар ташкил қилганлиги сабабли “Openbudget.uz” сайтида “Менинг йўлим” бўлими очилди. Бу бўлим орқали йўл билан боғлиқ бўлган барча таклифларни киритиш мумкин. “Менинг йўлим” бўлими 2022 йилнинг апрел ойида таклифларни қабул қилди ва шу ойнинг ўзида ғолибларни эълон қилди.

Якуний натижаларга кўра, Жиззах вилояти бўйича 19 та лойиҳа ғолиб деб топилди ва 16 миллиард сўмдан ортиқ пул маблағлари ажратиладиган бўлди.

Умуман олганда Жиззах вилоятида “Ташаббусли бюджет” дастури қандай амалга оширилмоқда. Бу дастурнинг янада ижобий томонлари қандай? Шу саволлар юзасидан Жиззах вилояти Молия бошқармаси мутахассиси – Нурмуҳаммад Худоёров билан суҳбатлашдик.

У кўрсатув давомида “Ташаббусли бюджет” да иштирок этиш тартиби ва ғолиб бўлиш имкониятлари ҳақида айтиб ўтди.

Бу дастур орқали ғолиб бўлган лойиҳаларнинг амалга оширилиши ва кейинги ҳолати қандай кечмоқда. Бу масалалар юзасидан ғолиб таклиф эгаси – Жиззах шаҳридаги 19-мактаб директори Туробжон Йўлдошев билан сухбатлашдик.

Умуман олганда бу бизга нима беради?

Жамоатчилик фикри асосида яратилган бюджет:

  • Туман ёки шаҳар фуқаросига ўзларини қийнаётган муаммоларни ҳал қилишда иштирок этиш имкониятини беради.
  • Фуқаролар фаоллигини оширади.
  • Фуқаролар ва маҳаллий ҳокимиятларнинг ўзаро ҳамкорлигига ўз ҳиссасини қўшади.
  • Маҳаллий инфратузилмани ривожлантириш лойиҳаларига туман ёки шаҳар бюджетлари маблағларининг бир қисмини бевосита фуқароларнинг ташаббуси асосида йўналтирилади.

Сиз ҳам “Ташаббусли бюджет” дастурида иштирок этинг ва маҳаллангиз ёки шаҳрингиздаги ижтимоий муаммоларга ечим топишда фаол қатнашинг.

Sangzor.uz ни кузатишда давом этинг!

Бекжон Жўрақулов

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.