Эркинжон Турдимов қайси ҳолларда матбуотга иши тушишини айтди

Улашиш:

6-9 сентябрь кунлари Самарқандда АҚШ Глобал медиа агентлигининг “Коррупцияга қарши суриштирув ва фактчекинг” мавзусидаги тренинги Самарқанд, Навоий, Жиззах, Андижон, Фарғона ва сурхондарёлик журналистлар, халқаро тренерлар иштирокида бўлиб ўтмоқда.

Мазкур тренинг доирасида иштирокчилар учун “Ургут” эркин иқтисодий зонасига пресс-тур уюштирилди. Тадбир доирасида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов билан учрашув ташкил этилди.

«Америка овози» журналисти, халқаро тренер Навбаҳор Имомова модераторлик қилган учрашувда оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан ҳокимга коррупциянинг олдини олиш борасидаги шахсий ташаббуслари, очиқлик сиёсати, ҳокимлик фаолиятидаги мураккаб вазиятлардан тортиб, матбуотга мурожаати ҳақида ҳам саволлар тушди.

Вилоят ҳокими саволларга очиқ, самимий жавоб берар экан, биринчи навбатда, очиқлик сиёсатига юртимизда алоҳида эътибор қаратилаётганининг ўзиёқ коррупцияга қарши курашнинг энг асосий омили эканлигини таъкидлади.

- Ижтимоий тармоқлардаги сўз эркинлиги, аҳоли билан доимий учрашув, сайёр қабуллар туфайли бугун бирор бир соҳадаги қинғирликни яшириб бўлмайди, - деди вилоят ҳокими. - Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “энди ортга йўл йўқ, барча ишлар очиқлик тамойили асосида давом эттирилади”.

Шунингдек, мухбирларнинг «Матбуотга ишингиз тушган пайтлар бўладими?» деган саволига «Деярли ҳар куни», деб жавоб берди ҳоким:

- Матбуот ҳам жамоатчилик назоратининг бир кўриниши. Ноқонуний қурилишлардан тортиб, инсон манфаатлари билан боғлиқ кўплаб масалаларни оммавий ахборот воситаларига олиб чиқиш орқали уларни ҳал этиш имкони мавжуд.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.