Арнасой тумани 4-сектори томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамжиҳатлик мевасидир

Улашиш:

Арнасой туманига ташрифимиз ўтган ҳафтанинг жазирама иссиқ кунларига тўғри келди. Туман Давлат солиқ инспекциясига етиб боргач, автомобилимизни соя жойга қўйиб, 4-сектор масъул бўлган “Бўстон” МФЙга йўл олдик. Арнасой тумани 4-секторга “Бўстон” МФЙ ва “Бахтли” МФЙлар бириктирилган. Жами ер майдони 135.1 минг гектарни ( Бўстон МФЙда 60 минг, Бахтли МФЙда 75.1 минг) ни ташкил килади.

Сектор ҳудудидаги хонадонлар сони 930 та (Бўстон МФЙда 688 та, Бахтли МФЙда 242 та)ни ташкил этади.  Жами оилалар сони 1336 та (Бўстон МФЙда 1020 та, Бахтли МФЙда 316 та). Аҳоли сони 4946 та (Бўстон МФЙда 3766 та, Бахтли МФЙда 1180 та)дан иборат.

Ҳозирда “Бўстон” МФЙ биносини жорий таъмирдан чиқариш мақсадида 4-сектор раҳбари Ҳусниддин Умуров ташаббуси билан 670 млн. сўмлик таъмирлаш ишлари бошланган. Ушбу маблағ  “Open budjet” (Ташаббусли бюджет) дастури орқали ўтган танловда 4-сектор раҳбари ташаббуси ва тарғиботи билан 400.0 млн сўм маблағ маҳаллий бюджетдан ютиб олинди ва ҳозирги кунда таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Ташаббусли бюджет – Жамоатчилик фикри асосида шаклланган бюджетдир. Яъни маҳаллий инфратузилмани туман, шаҳар, маҳалла ёки қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларига бюджет маблағларининг бир қисмини бевосита фуқароларнинг ташаббуси асосида йўналтиришдир.

Бўстон МФЙни Арнасой тумани билан боғловчи автомобиль йўлининг таъмирталаб ҳолга келиб қолган 5.4-7.4 кмлар оралиғидаги 2 км масофада таъмирлаш ишлари якунланди ва фойдаланишга топширилди.

Ушбу маҳалланинг “Янги замин” кўчасида аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи ўрганилиб, янги электр тармоғини ўтказиш учун 27 дона бетон устунлар олиб келинди ва ҳозирги кунда бетон устунларни ўрнатиш ишлари давом этмоқда.

“Бўстон” МФЙда Жиззах вилоят Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, вилоят 4-сектор раҳбари Бекзод Ташпулатовнинг ўтказган оммавий сайёр қабулида “Янги замин” кўчасида яшовчи фуқаролар томонидан тоза ичимлик суви қувури ўтказилишини сўраб мурожаат қилинган эди. Вилоят 4-сектор раҳбари ташаббуси билан ушбу кўчага ичимлик суви қувури ўтказилиши учун 600 метр сифатли пластмасс шланг олиб келинди. Бугунги кунда ушбу кўчада сув қувурини ўтказиш ишлари давом этмоқда. Аҳоли эса ўз кучи билан ўзлари яшаётган хонадонлар олдидан сув траншеясини кавламоқда.

4-сектор раҳбари ташаббуси ва ёрдами билан “Бўстон” МФЙ Ислоҳот кўчасида яшовчи  Муслимбек Юсупов томонидан 21 сотих майдонда 199 миллион сўм кредит маблағи эвазига иссиқхона барпо этилиб, 5 минг туп помидор кўчати парваришланмоқда. 

Маҳалладаги “Исломобод” кўчасида яшовчи Озода Абдуллаева томонидан хўжалик совуни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Жорий йилнинг феврал ва март ойларида кредит ололмаган Озода туман 4-сектор раҳбарига мурожаат қилди. Сектор раҳбарининг аралашуви билан банкдан 30 млн. сўм кредит ажратилишига эришилди. Ҳозирги кунда О.Абдуллаева ташкил этган оилавий корхона томонидан 250-300 тагача совун ишлаб чиқарилмоқда. Асосан маҳаллий бозор учун ишлаб чиқарилаётган бу маҳсулотнинг мижозлари ҳам аллақачон топилган.

4-сектор вакиллари бизни “Янги замин” кўчасида яшовчи Достон Абдурахимов хонадонига ҳам таклиф қилдилар. Бу хонадон вакиллари ҳам сектор кўмагида тадбиркорлик фаолиятини бошлаган эканлар. Уларга тикув машиналари олиш учун 9.0 млн сўм кредит ажратилишига кўмаклашилган. Ҳозирги кунда   Абдурахимов Достон Салим ўғли оила аъзолари билан билан биргаликда юмшоқ ўйинчоқлар ишлаб чиқаришни ташкил қилган бўлиб, бир ҳафтада 800-1000 тагача юмшоқ ўйинчоқлар тайёрлаш йўлга қўйган. Мазкур ўйинчоқлар Тошкент бозорлари учун пешма-пеш етказиб берилмоқда.

Бу тумандаги битта маҳаллада жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишларнинг бир қисми холос. Ҳозирда ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолини тадбиркорликка йўналтириш, оилаларни камбағалликдан чиқариш, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар ҳолидан хабар олиш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Муҳими, бу хайрли ишлар ҳамюртларимиз турмуш шароитини яхшилаш, юрт ободлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг ижобий самарасини эса халқнинг ўзи кўриб турибди. Шу боис улар бу жараёнда кузатувчи эмас, балки фаол иштирокчига айланган.

Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.