Китоб ўқиган маҳкумларнинг жазо муддати қисқартирилиши мумкин

Улашиш:

Ўзбекистонда жазо ижро этиш тизимида янги тартиб жорий этилмоқда. 2026 йил 15 январда қабул қилинган ЎРҚ–1114-сонли Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” каналида маълум қилинди. 

Янги нормаларга кўра, айрим тоифадаги маҳкумлар учун китоб ўқиш жазо муддатини қисқартиришга асос бўлиши мумкин.

Қонунга мувофиқ, Жиноят кодексининг 73-моддаси 4-қисмида кўрсатилган шахслар (умрбод озодликдан маҳрум этилганлар бундан мустасно) жазони ўташ даврида ўз муддатини қисқартириш имкониятига эга бўлади.

Маҳкум:

  • белгиланган тартибда тасдиқланган адабиётлар рўйхатидаги китобларни ўқиши;
  • китоб ўқиганлиги факти эса расман тасдиқланиши лозим.

Ҳар бир ўқилган китоб учун — 3 кун, бир йилда эса кўпи билан 30 кунгача жазо муддати қисқартирилиши мумкин.

Маҳкум жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятига ариза билан мурожаат қилади. Шундан сўнг:

  • муассаса ходимлари,
  • жамоатчилик вакилларидан иборат махсус комиссия китоб ўқилгани бўйича баҳолаш ўтказади.

Комиссия йиғилиши йилига камида икки марта ўтказилади. Натижалар асосида маҳкумнинг китоб ўқиганлиги тасдиқланса, тегишли хулоса қабул қилинади.

Хулосанинг нусхаси прокурорга юборилади, маҳкумга эса имзо қўйдириб топширилади. Адвокатга унинг сўровига кўра тақдим этилади.

Шундан сўнг муассаса маъмурияти судга маҳкумнинг жазо муддатини тузалиш йўлига ўтганлиги муносабати билан қисқартириш ҳақида тақдимнома киритади. Якуний қарор эса суд томонидан қабул қилинади.

2014-2026 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.