Суриядаги террористик ташкилот биносини қўриқлаган наманганлик йигит 9 йилга қамалди

Улашиш:

Суриядаги террористик ташкилот фаолиятида иштирок этган наманганлик йигит 9 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар бермоқда.

1999 йилда туғилган, Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро 2020 йилнинг сентябрь ойида мавсумий ишлаш мақсадида Туркиянинг Истанбул шаҳрига бориб, тикувчилик цехида ишлаган. Бу вақтда интернет орқали «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти собиқ етакчиси «Абу Салоҳ»нинг маърузаларини тинглаган. Оқибатда унда экстремистик қарашлар шаклланган, дейилади хабарда.



Сўнгра «Тавҳид ва жиҳод катибаси» жангарилари сафига қўшилишни мақсад қилган. Интернет орқали мазкур ташкилотнинг 2 аъзоси билан танишиб, уларнинг йўл-йўриқлари асосида 2021 йилнинг январь ойида Сурияга ўтган.

«Кечки пайт келиб, бизни олиб чиқиб кетган. Девордан сакраб ўтиш учун кичкина нарвонча ҳам олганди. Кейин биз аскарлар йўқ пайти нарвонни деворга қўйиб, Сурия давлатига ўтганмиз», — дея таъкидлади айбланувчи.

Аниқланишича, у ўша ерда ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти жойлашган ҳудудни қўриқлаш билан шуғулланган.

24 ёшли йигит 2022 йилнинг июнь ойида Ўзбекистонга олиб келинган ҳамда ДХХ Тергов бошқармаси унга жиноят иши қўзғатган. Жиноят ишлари бўйича Тўрақўрғон тумани суди унга ҳукм ўқиди. Айбланувчи Жиноят кодексининг 155−2 моддасининг 1-қисми (Террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш) ва 244−2 моддасининг 1-қисми (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан айбдор деб топилиб, унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.