Наманганда Telegram орқали экстремистик ғояларни тарғиб қилган шахсга жиноят иши қўзғатилди

Улашиш:

Наманганда Telegram’да гуруҳ очиб, экстремистик ғояларни тарғиб қилган шахсга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Маълум қилинишича, 1991 йилда туғилган С.М. ижтимоий тармоқлар орқали деструктив кучлар таъсирига тушиб қолган ва натижада Telegramъда виртуал гуруҳ ташкил қилган. Гуруҳга Наманган шаҳрида яшовчи, 1986—1995 йиллар оралиғида туғилган 9 нафар шахс аъзо бўлган.

С.М. гуруҳга террористик ва экстремистик ташкилотларнинг ғоявий раҳнамолари бўлган Содиқ Самарқандий, Абдуллоҳ Зуфар, Абдуллоҳ Бухорий, Маҳмуд Абдулмўмин, Абу Салоҳларнинг ҳижрат ва жиҳод тўғрисидаги маърузаларини жойлаб, гуруҳ аъзоларини Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террористик ташкилоти сафига қўшилишга даъват қилган.

ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимларининг вилоят ИИБ билан ҳамкорликда олиб борган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида унинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан С.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, гуруҳ аъзоларининг хатти-ҳаракатларига нисбатан ҳам терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.