Жиззах вилоят солиқ бошқармаси томонидан ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни” тадбири муҳим маърифий воқеа сифатида ўтказилди. Тадбирда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Жиззах филиали иқтисод йўналиши талабалари иштирок этди. Тадбирнинг асосий мавзуси коррупцияга қарши курашиш, солиқ органларининг вазифалари ва солиқ хизматига ишга кириш тартиблари бўлди.
Солиқ органлари вакиллари коррупцияга қарши курашишда тизимли ёндашувнинг аҳамиятини таъкидлаб, бу соҳада давлат сиёсатида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ўрни ҳақида маълумот бердилар. Шунингдек, улар солиқ тизимининг асосий вазифалари, жумладан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, давлат бюджетини шакллантириш ва қонуний иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш борасидаги ишлар ҳақида сўзлаб беришди.
Шунингдек, Жиззах вилоят солиқ тизимида фаолият олиб бораётган 431 нафар ходим ҳақида маълумот берилди. “Корхонабай” ва “Маҳаллабай” тизимлари бўйича алоҳида ходимлар сони айтилди. Солиқчилар ёшларга солиқчининг одоб-аҳлоқ қоидалари, тадбиркорларга ёрдам бериш тамойили ва коррупсияга қарши курашишнинг муҳимлигини тушунтирдилар. Тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Талабалар учун энг қизиқарли мавзулардан бири солиқ органларига ишга қабул қилиш тартиблари бўлди. Ваколатли шахслар ишга қабул жараёни, талаб этиладиган малака ва тажриба, ҳамда соҳада муваффақиятли ишлаш учун зарур кўникмалар ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Тадбирдаги савол-жавоблар жараёни талабалар ва солиқ ходимлари ўртасида жонли мулоқот муҳитини яратди. Иқтисод йўналиши бўйича таҳсил олаётган ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.
Бўлимлар билан яқиндан танишув
Тадбирнинг иккинчи қисмида талабалар солиқ бошқармасининг турли бўлимлари фаолияти билан яқиндан танишдилар. Улар солиқ ҳисоботи тайёрлаш жараёнлари, тўловларни назорат қилиш, тадбиркорлик субъектлари билан ишлаш ва бошқа йўналишларда амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, ўзларининг назарий билимларини амалиётдаги жараёнлар билан боғлаш имкониятига эга бўлдилар.
“Очиқ эшиклар куни” тадбири нафақат ёшлар учун амалий аҳамият касб этди, балки солиқ органларининг очиқлигини ва аҳоли билан яқин ҳамкорлигини кўрсатувчи яна бир муҳим қадам бўлди. Бундай тадбирлар келажакда ёшларнинг давлат хизматларига бўлган қизиқишини ошириш, шунингдек, билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Жиззах вилоят солиқ бошқармаси Ахборот хизмати