Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш ва тарқатишга қарши курашни кучайтириш мақсадида янги қонунни имзолади. Унга кўра, гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланган шахслар, шу жумладан мансабдор шахслар, энди 15 йилдан 20 йилгача ёки мол-мулки мусодара қилинган ҳолда умрбод озодликдан маҳрум этилади.
Президентнинг матбуот хизматига кўра, қонун вояга етмаганлар ўртасида гиёҳванд моддаларни тарқатиш билан шуғулланган шахсларга нисбатан қаттиқ жазоларни сақлаб қолади. Бундай ҳолатларда айбдор шахсларга 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, шунингдек, мол-мулкни мусодара қилиш жазоси белгиланган.
Қонун шунингдек мансабдор шахслар томонидан содир этилган жиноятларга нисбатан жавобгарликни кучайтирган. Илгари мансабдор шахслар учун 10 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган бўлса, эндиликда улар 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Яширин тарқатувчиларга жазо юмшатилди
Гиёҳванд моддаларни яширин усулда тарқатувчи шахсларга нисбатан жазо бироз юмшатилган. Агар бу жиноят оғирлаштирувчи ҳолатларсиз биринчи марта содир этилган бўлса, айбдор шахс 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Илгари бундай жиноят учун жазо 5 йилдан 10 йилгача бўлган қамоқни ўз ичига олган.
Юмшатишнинг сабаби шундаки, яширин тарқатувчилар кўпинча ўспиринлар ва ёшлар бўлиб, уларнинг аксарияти гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқаришга алоқадор эмас. Улардан кўпинча жиноий гуруҳлар томонидан қўлланилади. Аммо, агар яширин тарқатувчи жиноятни қайта такрорласа, унинг мол-мулки мусодара қилиниб, 7 йилдан 12 йилгача қамоқ жазоси тайинланади.
Қозоғистоннинг ушбу чоралари гиёҳвандликка қарши глобал курашнинг бир қисми сифатида қабул қилинмоқда. Аввалроқ, Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш ҳолатда уюшган жиноий гуруҳ аъзолари 13,5 ва 15 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Янги қонун гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларни камайтириш, аҳолини ҳимоя қилиш ва ёшларни ушбу хавфли жиноятдан асрашга қаратилган.