Мамлакатимизда кейинги йилларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Бироқ, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлаётган фуқаролар, балки тадбиркорлар ҳам фаолияти давомида турли тўсиқ ва қийинчиликларга дуч келаётганлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Ана шундан келиб чиқиб тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, улар учраётган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш, тўғридан-тўғри самарали мулоқотни йўлга қўйиш, тадбиркорлар мурожаатлари билан ишлашнинг сифати ва тезкорлигини ошириш мақсадида Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилди. Жиззах вилоятидаги Бош вазир қабулхонаси тадбиркорларда учраётган муаммоли масалаларнинг ҳал этилишига, уларнинг мурожаатларига ижобий ечим топилишига ёрдам бермоқда. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, Бош вазир қабулхоналари тадбиркорларнинг энг яқин ҳимоячиси ва кўмакчисига айланди.
Жорий йил 25 январь ҳолатига тадбиркорлардан қабулхоналарга бевосита 85 та, сайёр қабулларда 63 та, Ишонч телефони орқали 41 та, «business.gov.uz» портали орқали 10 та, жами 184 та мурожаатлар бўйича 199 та масалалар қабул қилиниб, уларнинг барчаси ижрога қаратилди.
2022 йил 18 январь куни Жиззахлик маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Элёр Анваров тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш учун кредит сўраб қабулхонага мурожаат қилган эди. Элёр Анваровнинг бу мурожаати қанотлантирилиб, унга 550 миллион сўм имтиёзли кредит олишига кўмаклашилди.
Қабулхона ходим ва мутахассислари жойларга чиқиб сайёр қабуллар ўтказаётганлиги, қатор муаммоларни ана шу ернинг ўзида ҳал этилишига кўмаклашаётганлиги ҳам тадбиркорларга қўл келмоқда. Бу учрашувлар тадбиркорларнинг муаммо ва мурожаатларини ўрганиш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, жойларда ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган ишлар самарадорлигини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шерали Сулаймонов,
Жиззах вилоятидаги Бош вазир қабулхонаси мудири