Йиғламоқчимисиз, ўзингизда чарчоқ, зўриқиш ва безовталик ҳис қиляпсизми? Бу стресснинг аниқ белгилари. Стресс нафақат иш, балки муносабатлар, молиявий қийинчиликлар ва соғлиқ муаммолари билан боғлиқ бўлади. Баъзан бу бир нечта омилларнинг комбинацияси. Замонавий дунёда стресснинг сабабларидан бирини эътиборсиз қолдириш одатий ҳисобланади. Аммо бу ҳиссий ва жисмоний фаровонликка салбий таъсир кўрсатади.
Руҳий саломатлик жамғармаси томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, ўтган йили одамларнинг 74 фоизи ўзларини депрессияга тушган ва ҳаддан ташқари ҳиссий қўзғалиши юқори деб ҳисоблаган. Ҳиссий саломатлик бўйича мутахассис Тим Хипгрейв стресснинг энг муҳим аломатларини аниқлади.
Чарчоқ
Стресс организмга физиологик таъсир кўрсатади, юрак уриши ва нафас олишни тезлаштирадиган гормонларни ишлаб чиқаради. Бундай юк кишини чарчатади. Кейинчалик оғир босқичларда стресс уйқусизликка олиб келади. Гап шундаки, муаммолар доимо бошда айланади, мия эса уларга тўхтовсиз ечим топишга ҳаракат қилади.
Бруксизм
Тишларни ғижирлатиш ёки бруксизм ҳиссий беқарорлик ва ортиқча зўриқишнинг аломатидир. Бруксизм бора-бора тиш муаммоларига олиб келади, шунинг учун биринчи навбатда ташвишланиш даражасини минималлаштиришга ҳаракат қилинг.
Бош оғриғи
Кўпинча бош оғриғи ортиқча зўриқиш билан боғлиқ. Улар 30 дақиқадан бир неча соатгача давом этиши мумкин, бу эса бўйин ва елкаларга ҳам оғриқ беради.
Аччиқланиш
Ҳаддан ташқари зўриқиш кайфиятнинг ўзгаришига кучли таъсир қилади, уларни назорат қилиш қийин. Стрессни бошдан кечираётганда, асаб тизими ўта сезгирлашади, бу бизни кўпроқ асабийлаштиради.
Йиғлаш истаги
Баъзи стресс турлари ҳиссий реакцияларга олиб келади. Кўзёши стресснинг салбий таъсири ва оғир дамларни енгиб ўтишга ёрдам беради. Йиғлаш стресс гормонларини чиқариб юборади. Шунинг учун йиғлаб олиш баъзан фойда беради ва ўзингизни енгил ҳис қиласиз.
Меъёрдан ортиқча овқатланиш
Стресс даврида аксарият одамлар ортиқча овқатланиш ёки кўп овқат истеъмол қилиш истагидан азият чекади. Вақтинчалик қийинчиликларни бошдан кечираётганларнинг баъзиларида иштаҳа йўқолади. Аммо сурункали стресс бўлса, ширинлик ва крахмалли овқатларга нисбатан эҳтиёжингиз ортади.
Ижтимоий изоляция
Ҳар бир инсон ўз ҳаётида буткул ёлғиз қолишни хоҳлайдиган даврни бошдан кечиради. Борди-ю, изоляция қилиш истаги кечиктирилса, бу стресснинг аниқ белгисидир. Ташқи дунёдан яшириниш истаги мутлақо табиий, аммо бунинг ижтимоий ҳаётингизга салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Иммунитет пасайиши
Стресс умумий саломатликка зиён. Кортизол гормони иммунитетни пасайтиради. Бу даврда одамлар шамоллаш ва бошқа касалликларга осонгина чалинади.
Ваҳима ҳисси
Ҳаддан ташқари зўриқиш юрак уриш тезлигини оширади, бу эса ҳаддан ташқари ваҳимага олиб келади. Бу ҳолда нафас қисилиши ёки гипервентилация кузатилиши мумкин. Бундай пайтда нафас олишни секинлаштиришга ва тинчланишга ҳаракат қилинг.
Стрессни қандай енгиш керак?
Стресс белгиларини билиш зарур, аммо у билан қандай курашиш кераклигини англаб етиш унданда муҳимдир. Камида битта омилни топсангиз ҳам ёрдам сўранг. Бирор яқинингиз билан гаплашишга ҳаракат қилинг, вазиятга бошқа томондан қаранг ва мутахассис билан боғланинг.