25 кун ичида Ўзбекистонда 28 киши ис газидан вафот этди

Улашиш:

2022 йилнинг илк 25 кунида Ўзбекистонда ис гази билан боғлиқ 16 та ҳолат қайд этилган, бунинг оқибатида эса 9 киши заҳарланган ва 28 киши вафот этган. Бахтсиз ҳодисаларга асосан қўлбола ясалган печлардан фойдаланиш, дудбўронларни нотўғри ўрнатиш, ҳаво алмашмайдиган хоналарда кўмир ва ўтин ёқиш сабаб бўлган.

2022 йилнинг биринчи 25 куни ичида республикада 28 нафар фуқаро ис газидан вафот этган. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган ФВВ ва ИИВ мутасаддилари иштирокидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.

Маълумотга кўра, 2021 йилда ис гази билан боғлиқ жами 74 та ҳолат аниқланган. Ушбу ҳолатларда 67 нафар фуқаро заҳарланган ва 128 киши вафот этган.

2022 йилнинг 25 январигача эса 16 та ҳолат юз берган, унда 9 нафар фуқаро захарланган ва 28 нафар фуқаро ис гази қурбони бўлган.

Таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти қуйидаги сабабларга кўра юзага келган:

  • фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик;
  • ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш;
  • иситиш печларининг дудбўронларини нотўғри ўрнатиш;
  • газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш;
  • ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш;
  • ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш шулар жумласидан.

Бундан ташқари, ФВВ газ-ҳаво аралашмаси натижасида юзага келган чақнаш, портлаш ҳамда ёнғинлар бўйича таҳлилни келтирди. Улардан:

  • 30 фоизи электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши;
  • 23 фоизи очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш;
  • 20 фоизи иситиш печларини қуриш ва ишлатиш қоидаларининг бузилиши;
  • 9 фоизи болалар шўхлиги оқибатида;
  • 8 фоизи чекишдаги эҳтиётсизлик;
  • 3 фоизи газ жиҳозларидан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши;
  • шунингдек, 16 таси ҳаво ва газ аралашмасининг чақнашидан содир бўлган.

Келтирилишича, айнан қиш мавсумида ўртача ҳар 3 та ёнғиннинг биттаси иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш ёки носоз ва ностандарт иситиш мосламаларининг ишлатилишидан келиб чиққан.

Эслатиб ўтамиз, 2021−2022 йилги иситиш мавсуми бошланишидан 18 январгача бўлган давр ичида — республика бўйича ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 40 та ҳолатда 24 киши жабрлангани ва 54 киши вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.