Жиззахда Давлат дастури ижроси юзасидан сифатсиз бирламчи спорт жиҳозлари етказиб берилганлиги маълум бўлди

Улашиш:

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмасида 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг 210-бандида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш юзасидан  “Жамоатчилик эшитуви” ўтказилди.

Ўтган йилги Давлат дастурининг 210-бандида умумтаълим, мактабгача таълим ва жисмоний тарбия ва спорт муассасаларини спорт жиҳозлари билан таъминлаш кўзда тутилган. Бунда ҳар бир мактабгача таълим ташкилотига 2 миллион сўмлик, умумтаълим муассасасига 5 миллион сўмлик бирламчи спорт жиҳозлари етказиб бериш, спорт муассасаларини замонавий спорт жиҳозлари билан таъминлаш белгиланган эди.

“Жамоатчилик эшитуви”да вилоят Халқ таълими, Мактабгача таълим ҳамда Туризм ва спорт бошқармаси масъул раҳбарларининг ахбороти тингланди. Шундан сўнг “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳудудий бўлинмаси томонидан ўтказилган мониторинг тадбирлари натижаларининг таҳлили ўқиб эшиттирилди. Унга кўра, умумтаълим мактабларига тақдим этилган 3 турдаги спорт жиҳозлари (футбол, гандбол, баскетбол тўплари) вилоят спорт федерацияси мураббийлари томонидан сифат даражаси паст, яроқсиз деб баҳоланган.

Шунингдек, мактабгача таълим ташкилотида бошқарма томонидан ҳудуддаги МТМ ларга спорт жиҳозларининг яроқсизлиги ва меъёрий талабларга жавоб бермаслиги сабабли ушбу спорт жихозларини қайтариб бериш бўйича кўрсатма берилган. Аммо ўрганишлар давомида мактабгача таълим ташкилотларига етказиб берилган спорт жиҳозлари шаҳар мактабгача таълим ташкилотларида қайтариб олинган, лекин туман мактабгача таълим ташкилотларидан қайтариб олинмаган ҳамда ушбу масала охирига етказилмаган.

Бундан ташқари айрим мактабгача таълим ташкилотларига етказиб берилган спорт жиҳозлари мудиранинг ёки хўжалик ишлари бўйича вакил хонасида сақланмоқда.

“Жамоатчилик эшитуви”да бу каби аниқланган камчиликларни тўғирлаш ва бу борада мутасаддиларнинг масъулиятини ошириш бўйича фикр- мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш ва қайта содир этилмаслиги учун зарур таклиф ва тавсиялар берилди.

“Юксалиш” умуммилий ҳаракати ҳудудий бўлинмаси томонидан жойларда Давлат дастурларининг ижросига қаратилган мониторинг тадбирлари жорий йил Тараққиёт стратегияси доирасида ҳам давом эттирилади.

 

Юксалиш УМҲ Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.