Фурсат оз, ишлар эса ўлда-жўлда...

Улашиш:

Халқимиз орасида “Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлар” деган ҳикмат бежизга айтилмаган. Ушбу мақолни аграр соҳада қўллайдиган бўлсак, қишлоқ хўжалиги техникаларнинг соз ҳолатда бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Айни иш қайнаган маҳалда деҳқоннинг оғирини енгил қилиб, мушкулини осонлаштиради.   

Бироқ шундай бўлса-да, вилоятнинг Арнасой туманида соҳадаги ана шу долзарб юмуш ҳанузгача пайсалга солиб келинаётир.     

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ходимлари иштирокида вилоят ишчи гуруҳи томонидан техникаларни таъмирга тортиш ва таъмирлаш ишларининг бориши юзасидан олиб борилган ўрганишларга кўра, мазкур туманда баҳорги дала ишларида жами 1 минг 800 та қишлоқ хўжалиги техникалари қатнашиши режалаштирилган.

Ҳисоб-китобларга қараганда, бугунги кунга қадар 189 та чопиқ тракторлардан 181 таси, 154 та культиваторлардан 141 таси, 45 та сеялкадан 30 таси таъмирлаш масканларига олиб келинган. Масканлардаги мавжуд 96 фоиз чопиқ тракторларда 90 фоизи ва 92 фоиз культваторлардан 86 фоиз таъмирлаш ишлари якунланган бўлса, чигит экиш сеялкаларидан бор йўғи 6 таси таъмирдан чиқарилган, холос. Шунингдек, борона ҳамда вентияторли ва штангали пуркагичларни масканларга жамлаш ва таъмирга тортиш ишлари ҳам ортга сурилмоқда.  

Мисол учун, 60 та пуркагичдан 35 таси ёки, 58 фоизи таъмирлаш масканларига олиб келинган бўлиб, 30 тасида таъмирлаш ишлари бажарилган. Маълумотларга кўра, тумандаги мавжуд 34 та чизел таъмирдан чиқарилиб, мавсумий дала ишарига чиқариб юборилган. Айниқса, мавсумда қатнашиши белгиланган 1225 та боронадан атиги 43 фоизигина масканларга йиғилгани етмаганидай, бирортаси таъмирланмаган.

Шу ўринда, яна бир масалага эътибор қаратиш жоиз. Вилоят ҳокимлигининг туманда ўтказилган сайёр йиғилишида муттасадиларга техникаларни таъмирлаш ва етишмайдиган техникаларга шартномалар тузиш бўйича топшириқлар берилганди. Хусусан, айнан шу мақсадда
2021 йилнинг декабрь ойида “Бухоро”, “М.Улуғбек” СИУ ҳудудларида жойлашган фермер хўжаликларига мавсумда қатнашадиган техникаларини таъмирлашлари учун бир миллион сўмдан маблағ ажратиб берилган бўлсада, аммо ҳозиргача таъмирлаш ишлари олиб борилмаяпти.

Бундан ташқари, тумандаги “Агро элегант” МЧЖ ҳамда “Арнасой пахта ғалла кластери” МЧЖ кластерлари томонидан фермер хўжаликлари ҳисобидан мавсумда қатнашадиган борона ва сеялкаларни созлаш учун маблағ ажратилмай, зарур эҳтиёт қисмлари етказиб берилмаган.

Инспекциянинг туман бўлими томонидан мавсум давомида жами 21 та назорат тадбирлари ўтказилиб, тадбирлар давомида жойларда 53 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган. Мазкур ҳолатларнинг 17 тасига маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, қабул қилинган қарорлар бўйича
1 млн 575 минг сўмлик жарима жазолари қўлланилган. Шунингдек, 35 та ёзма кўрсатма берилиб, 1 та тақдимнома киритилган. 

  

О.Қаҳҳоров

“Ўзагроинспекция”нинг Арнасой туман бўлими

катта инспектори

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.