МИБ ходимлари хулоса қилмайди...ми?!

Улашиш:

Мамлакатимизда коррупция иллатига қарши кескин кураш кетаётган бир вақтда Мажбурий ижро бюросининг (МИБ) баъзи номақбул ходимлари, Ватанга қилган қасамёдларини унутиб, мансаб ваколатини суистеъмол қилмоқда.


Хабарингиз бор ўтган январь ойда МИБнинг Андижон шаҳар бўлими ходими «Ф.Ф» ва Андижон туман бўлими ходими «И.Қ»лар фуқародан 4000 АҚШ долларини пора сифатида олган вақтида қўлга тушган эди.
Мазкур ҳолатдан сўнг Бош прокуратура хузуридаги МИБ вакилларидан иборат комиссия бюронинг Андижон вилояти бошқармаси ходимлари юритувидаги барча турдаги материаллар текширувини бошлаган.


Айни ходимларнинг фаолияти ўрганилаётган бир вақтда таъмагир ходимлардан яна бири ўз жиғилдонини ўйлаб «овга» чиққани виждонсизликдан бошқа нарса эмас.


Жумладан, шу йилнинг 28 январь куни ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «Халқ банки» Шахрихон туман филиали юристи «М.Б», тадбиркор томонидан МИБ ҳисоб рақамига ўтказиб юборилган ортиқча 7,5 млн сўмни қайтариб бериш эвазига ундан товламачилик йўли билан 3 млн сўм талаб қилиб, олаётганда ушланди.
Маълум бўлишича, юрист мазкур маблағни Мажбурий ижро бюросининг Шахрихон тумани бўлими давлат ижрочиси «М.Ж» кўрсатмаси билан олганлиги ва унга элтиб бериши керак бўлган.


Тезкор тадбир давомида МИБ ижрочиси «М.Ж» 3 млн сўмни банк юристидан олаётган вақтда қўлга олинган.
Мазкур ҳолат бўйича Андижон вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,168-моддаси 2-кисми “б” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «М.Ж» ва «Б.М»ларга нисбатан қамоққа олиш тарзида эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шу ўринда ҳар қандай шахсда бир савол туғилади: ходимлар аввалги ҳамкасбларининг номақбул ишларидан хулса чиқарадими ёки ...?

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.