Ижтимоий тармоқларда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажаришга тайёрланаётгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Кейинроқ бу борадаги миш-мишлар рад этилди. Telegram’даги «Times.uz» канали мазкур хабар қандай тарқатилганига оид воқеа хронологияси ҳақида ёзди.
Маълум қилинишича, бир гуруҳ уддабуронлар 2021 йил декабрь ойидан бери юритилмаётган «Бир Жойда | Махфий янгиликлар» каналининг клонини (фейкини) очади ва канални «приватний» (ёпиқ) шаклга ўтказади. Мазкур каналга Комил Алламжоновнинг «ҳоким бўлиши ҳақидаги» уйдирма постни жойланган.
Ўйин 2022 йил 18 февраль куни соат 00:04 да бошланади ва биринчи материал Telegram мессенжерининг «Танишув чат 2021» номли кўнгилочар гуруҳида гуруҳ маъмури томонидан «репост» қилиш орқали жойлаштирилади (гуруҳ маъмури бу постни шу куннинг ўзида соат 12:56 да яна бир марта жойлаштиради.
Шундан сўнг ушбу постлар шу куннинг ўзида соат 00:15 дан бошлаб, 13:49 гача турли аноним гуруҳ ва каналларда тарқатилади.
Кейинги юриш — 18 февраль куни соат 13:10 да Тошкент шаҳар ҳокимига тегишли бўлган «Xabardor.uz» сайтининг Telegram каналида ушбу асоссиз хабар ва сўровнома жойлаштирилади.
Соат 14:33 да Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди матбуот котиби Ҳикматилла Убайдуллаев Комил Алламжонов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажаришга тайёрланаётгани тўғрисидаги хабарлар асоссиз эканини билдириб, раддия беради ҳамда бу раддия оммавий ахборот воситаларида чоп этилади.
Соат 17:59 да Комил Алламжоновнинг ўзи ҳам миш-мишларга раддия берди. «Бундай фитналар фақат аҳмоқлардан чиқади. Ва уларнинг мақсади тоза эмаслиги аниқ», деб ёзди у.
Соат 18:40 да «Tentakminds» Telegram каналида Комил Алламжоновнинг Тошкент шаҳарига ҳоким бўлиши ҳақидаги хабарлар xabardor.uz сайти орқали тарқатилгани ва бу сайт Комил Алламжоновга тегишли экани ҳамда норасмий тарзда «Kun.uz» сайти ҳам Комил Алламжоновга ўтгани ҳақида асоссиз хабарлар эълон қилинади.
Соат 22:00 лар атрофида «Kun.uz» нашри асосчиларидан бири Умид Шермуҳамедов ўзининг Facebook саҳифасида 2019 йил баҳорида «Xabardor.uz» сайти Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли бўлган гуруҳга сотилгани ва бу сайт ҳамон шаҳар ҳокимига тегишли бўлган гуруҳ томонидан ишлатилишини маълум қилади.
Шу куни яна маълум бўлдики, «Xabardor.uz» сайтига муассислик қилувчи фирма — High Networks МЧЖнинг юридик манзили Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Беруний кўчаси, 83-уйда жойлашган. «Artelчилар» «Тинчлик офис» деб атайдиган бу жойнинг бир қисми Mediapark, яна бир қисми Artel компанияларининг офислари ҳисобланади.
Аввалроқ Жаҳонгир Ортиқхўжаев 3,5 йилдан буён ҳокимиятда ишлаб, давлатнинг бир сўмига ҳам хиёнат қилмаганини билдирганди. Кейинроқ ҳокимнинг қизи отасининг фаолиятини салбий баҳолаётган ОАВ ходимларини танқид қилди. Комил Алламжонов эса журналист ва блогерларни душман деб билиб, уларни ёмон кўрган амалдорнинг косаси ҳеч қачон оқармаслигини, «уларга уруш эълон қилинса, токи ўша амалдор жойидан кетмагунича ҳеч қачон тугамаслигини» ёзган.