Ўзбекистонда журналист ва блогерларга бўҳтон ҳамда провокация уюштириб келган каналлар блокланди

Улашиш:

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Telegram маъмурияти билан музокаралар орқали «Қора мерган» ва «Снайпер блогер» номли каналлар блокланганини маълум қилди.

«‘Қора мерган’ деган бир жирканч Telegram-канал бўлар эди. У асосан фаоллар, блогер ва журналистлар ҳамда мени хоинликда доим айблар, барча либерал қарашли журналистларни АҚШга ишлайдиган хоинлар ёки рангли инқилоб қилувчи гуруҳлар деган уйдирма ва ифлос ёрлиқларни ёпиштирмоқчи бўлар эди. Бугун ушбу канал блокланди», — деб ёзади Алламжов.

Бунинг учун у Google, Apple компанияларига ва шахсан Павел Дуровга миннатдорчилик билдирган.

«Ўзига маъқул бўлмаган одамларни йўқ қилиш мақсадида туҳмат қилиш, обрўсизлантириш, хуллас ифлослик учун ажратилган яна бир ресурс энди йўқ. Албатта, янгиси очилиши мумкин, лекин унинг ҳам умри қисқа бўлиши аниқ. Чунки ўзини ҳурмат қилган ресурсларда ноқонуний ҳаракатларга доим барҳам берилади. Ҳаёт курашдан иборат ва қалби тоза ва кўнглида кири йўқлар ғолиб бўлаверади, иншааллоҳ», — дейди Алламжонов.

Шунингдек, Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси курналист ва блогерларнинг ашаддий душмани бўлган «Снайпер блогер» Telegram-канали ҳам блокланганини маълум қилган. Унинг айтишича, ушбу блогернинг Facebook’даги саҳифаси ҳам тез кунда блокланади.

«Тозалаш ишлари давом этади. Агар янгиси очилса, уни ҳам тозалаймиз. Кураш соғлом бўлиши керак! Ифлосликлар чарчатди», — дея таъкидлайди Алламжонов.

Эслатиб ўтамиз, «Қора мерган» канали бундан олдин «Daryo.uz» ва «Kun.uz» нашрларини АҚШ Хавфсизлик хизмати фойдасига ишлашда айблаган эди. Шунингдек, у иккала электрон ахборот нашрини ҳам Комил Алламжонов назорат қилишини таъкидлаган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.