Ўзбеклар меҳнатсевар халқ — Саудия Арабистони вазири

Улашиш:

Айни вақтда Тошкент Халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтмоқда. Ушбу форумда президент Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.

Йиғилиш давомида Саудия Арабистони инвестиция вазири Холид ал-Фалиҳ нутқ сўзлади ва ўз фикрларини билдирди.

Ҳамкорлик ҳақида

Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз йил ўтгани сари ривожланиб бормоқда.

Биз нафақат бирга иқтисодиётни ривожлантирамиз, биз келажакни биргаликда яратамиз.

Мен 2016 йилда ҳам юртимизга келганман. Ўша вақтдаги вазиятни гапирмоқчи эмасман, айтмоқчиманки, ўтган вақт давомида эришилган барча ютуқлар сизнинг номингиз билан боғлиқ, жаноб Президент.

Буюк ипак йўли ҳақида

Ўзбекистон Буюк Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган ва дунё илм-фани ривожига катта таъсир кўрсатган. Биз — араб давлатлари ҳам Буюк Ипак йўлининг бир қисмида бўлганмиз. Бизнинг алоқаларимиз тарихийдир.
Албатта хозирда юк ташиш асосан ҳаво йўллари орқали амалга оширилмоқда. Аммо қуруқликдаги ипак йўли ҳам янги босқичга кириб бормоқда. Биз мана шу ҳамкорликда фаол иштирок этишни истаймиз.

Ўзбеклар — меҳнатсевар халқ

Ўзбеклар жуда меҳмондўст ва шу билан биргаликда жуда меҳнатсевар халқ. Бунинг тасдиғини шунда ҳам кўрса бўладики, ўзбеклар нафақат шу ернинг ўзида, балки қўшни давлатларда ҳам ишламоқда. Бундай халқ бор жойга сармоя киритишни ҳамма истайди.

Озиқ-овқат хавфсизлиги ҳақида

Хозирда Ўзбекистон билан энергия соҳасидаги фаол ҳамкорлик олиб бормоқдамиз. Аммо бунинг ўзи етарли эмас. Биз қайта тикланувчи энергия ресурслардан ташқари яна кўплаб лойиҳалар — қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларга инвестиция киритишга тайёрмиз.

Озиқ-овқат хавфсизлиги айни вақтда бутун дунё учун муҳим вазифа. Бошқа қитъалар тугул, ҳатто Европа учун ҳам озиқ-овқат тақчиллиги таҳдиди мавжуд. Бунинг олдини олиш эса соҳага илғор технологияларни олиб киришдан иборат. Ўзбекистон бу борада катта потенциалга эгадир.

Янги соҳалар ҳақида

Айни вақтда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида катта ўзгаришлар бўлмоқда. Биз бу соҳага рақамли технологияни жорий этишда қатнашмоқчимиз.

Тоғ-кон соҳасида илғор технологияларни Ўзбекистонга олиб келишни истаймиз. Бу албатта иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатади.

Энг асосийси, жаноб президент айтганларидек кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришда иштирок этишни истаймиз. Айтайлик, юз минг долларлик лойиҳага ҳам микроқарз сифатида маблағ ажратиш мумкин.

Буларнинг ҳаммаси ҳамкорлигимизнинг бошланишидир. Биз катта ютуқларга эриша олишимизга ишонамиз.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.