Тошкент метрополитенининг Чилонзор линиясини «Буюк ипак йўли» бекатидан Мирзо Улуғбек кўчаси ёки Буюк ипак йўли кўчаси орқали ТТЗгача узайтириш режалаштирилган. Қурилишнинг биринчи варианти 220 млн доллардан ортиқ баҳоланмоқда. Шунингдек, ҳалқали метрополитеннинг иккинчи босқичи қурилишида «муаммоли» қисмидан ўтиш вариантлари ҳам муҳокама қилинмоқда. Йўл ўтказгични қуриш учун 132 та бинони бузиш ва 300 дан ортиқ дарахтни кесиш талаб этилади. Ер ости линияси зарари камроқ, аммо у кўпроқ харажат талаб этади. Трамвай эса «тақиқланган» мавзу бўлиб қолмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 15 ноябрь куни Тошкент метрополитенини ривожлантириш лойиҳаси тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов «Буюк ипак йўли» бекатидан ТТЗ массивигача (Тошкент трактор заводи) ер ости метро линиясини қуриш режасини тақдим этди.
Ер ости линиясини ётқизишнинг иккита варианти ишлаб чиқилмоқда — Мирзо Улуғбек кўчаси ёки Буюк Ипак йўли кўчаси орқали.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, биринчи ҳолатда линия узунлиги 8,6 км бўлиб, у 6 та станцияни ўз ичига олади, ўтказиш қобилияти кунига 62 минг йўловчини ташкил қилади. Лойиҳа қиймати 220 млн доллардан ортиқ, 1 км нархи 24,3 миллион долларга баҳоланмоқда.
Иккинчи вариантда эса масофа салкам 8 км бўлиб, кунига 55 минг кишига хизмат кўрсатилиши мумкин. Қурилиш ишлари беш йилга мўлжалланган.
Бундан ташқари, ерусти метросининг иккинчи босқичига кўра, Қўйлиқ даҳасидан Сергели йўлининг 5-бекатигача 11 километрдан зиёд эстакада қурилади. Бекатлар сони еттита бўлиши, кунига 38 минг йўловчи ташилиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, тақдимотда айтилишича, Қипчоқ кўчасида ҳалқа метросини қуришдаги «муаммоли» қурилиш қисми ҳам муҳокама қилинган. Слайдлардан бирида иккита бекатдан иборат 3,85 км узунликдаги участкани қуриш бўйича иккита таклиф кўрсатилган.
Биринчи вариантда ерусти (эстакада) метро қуриш таклиф этилмоқда, лойиҳа қиймати 77,8 млн доллар (1 км учун 20,2 млн доллар) деб баҳоланмоқда, қурилиш муддати 1 йил 3 ойни ташкил қилади. Шу билан бирга, 263,7 млрд сўм харажат қиладиган 132 та бино бузилиши, 312 та дарахт кесилиши (нархи 10,3 млрд сўм), шунингдек, 7,8 км узунликдаги муҳандислик тармоқлари (23,8 млрд сўм) кўчирилиши керак бўлади.
Иккинчи вариантда эса ерости метросини қуриш таклиф қилинмоқда, бироқ қурилиш ишлари 15 фоизга қимматроқ бўлади — 89,4 млн доллар (1 км учун 23,2 млн доллар) сарфланади ва уни амалга ошириш 3 йил давом этади. Шу билан бирга, 27 та бино бузилиши (нархи — 35,7 млрд сўм), 93 та дарахт (1,9 млрд сўм) — кесилиши керак бўлади. Бу ҳолатда 2,34 км (10,3 млрд сўм) коммуникацияларини кўчириш керак бўлади.
Президентга метрополитеннинг янги бекатларини лойиҳалаш бўйича лойиҳа таклифлари ҳам тақдим этилди.
«Газета.uz» лойиҳанинг тўлиқ тақдимотини олиш учун Транспорт вазирлигига мурожаат қилди, бироқ жавоб ололмади.
«Газета.uz» ўтган йилнинг декабрь ойи охирида Чилонзор линиясини ТТЗ массивигача узайтириш режалари ҳақида ёзган эди. Лойиҳада 7,9 км узунликдаги линия, шу жумладан 4 та станция таклиф қилинган. Қурилиш 2021−2023 йилларга мўлжалланган. Ушбу қарор йўловчи ташиш ҳажмини кунига 50 минг кишига ошириши кутилган эди.
Тақиқланган табу мавзуси
Мутахассислар ва оддий тошкентликлар қурилиши давом этаётган ва таклиф этилаётган метро линиялари авваллари трамвай юрган кўчалар бўйлаб ўтишига эътибор қаратмоқда. Худди шу нарсани қайта-қайта эълон қилинган, лекин амалга оширилмаган махсус тезюрар автобус линиялари (BRT) қуриш режалари ҳақида ҳам айтиш мумкин. Бироқ 2016 йилда йўлларни кенгайтириш ва халқ билан маслаҳатлашмасдан (метро қурилиши каби) чорраҳалар қуриш баҳонаси билан ёпилган трамвай мавзуси Тошкент учун табу бўлиб қолмоқда. Ўтган йиллар давомида пойтахт ва мамлакат раҳбарларининг чиқишларида бу мавзу бирор марта ҳам кўтарилмаган. Бирор марта хорижлик экспертлар жалб қилинган бирорта тадбирда очиқ муҳокама қилинмаган.
Жамоат транспортининг жиддий ёмонлашувига қарамай, айни пайтда кўплаб пойтахтлар LRT (енгил темир йўл)га тобора кўпроқ таянаётганига қарамай, Тошкент глобал тенденцияларни эътиборсиз қолдиришда давом этмоқда. У қулай, кенг, экологик тоза, бардошли, ҳаракатланиш имконияти чекланган одамлар учун қулай (метродан фарқли ўлароқ), амалда шовқинсиз ва метро ета олмайдиган ҳудудларни қамраб олади. LRT қурилиш харажатларининг сезиларли даражада пастлиги ва йўлларни қуриш уйларни кенг миқёсда бузиш ҳамда дарахтларни кесишни талаб қилмаслиги билан ҳам эътиборга лойиқ.
«[Янги метро линиялари ишга туширилгандан] кейин ҳам магистрал транспорт таъминланмаган ёки уни BRT автобуси сифатида жорий этиш ҳеч қандай самара бермайдиган ҳудудлар бўлади… Бу борада жаҳон тажрибасига таянган ҳолда ва эҳтимол хорижлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда ва молиявий қарзлар билан ҳеч бўлмаганда Тошкентда замонавий трамвайнинг тажриба лойиҳасини амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўларди», — дейилади 2017 йилда «Газета.uz»да чоп этилган мақолалардан бирида. Ушбу мавху ҳозир ҳам долзарб бўлиб қолмоқда ва биз уни қайта ўқишни маслаҳат берамиз.
«Ҳар қандай ҳолатда ҳам ушбу мавзу муҳокама қилиниши керак, шунингдек, шаҳар иқтисодиётининг ишлаши ва фуқаролар учун қулай муҳит яратишнинг бошқа кўплаб масалалари каби», — дейилади ўша мақолада.