Мирзиёев Тошкентда "Янги Ўзбекистон кўчаси" янги бизнес маркази қурилишини маъқуллаган. Унинг ҳудудида хизмат кўрсатиш ва сервис объектлари, савдо-кўнгилочар мажмуалари, истироҳат боғлари ва кўп қаватли турар-жой биноларини қуриш режалаштирилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги автомобиль йўллари инфратузилмасини ривожлантириш дирекцияси “Янги Ўзбекистон кўчаси” бизнес марказини қуриш ва эксплутация қилиш дирекцияси деб қайта номланади. Дирекцияга республика ҳудудида Business City бизнес марказларини яратиш лойиҳалари учун кўзда тутилган барча имтиёзларга берилади.
Тошкент шаҳар ҳокимлигига лойиҳа объектлари қурилиши ҳудудида ўсадиган кўп йиллик дарахтларни бошқа жойларга кўчириб ўтказиш ва кейинчалик уларга зарар етказмасдан асраш учун зарур агротехник тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, бу дарахтларни парвариш қилиш чораларини кўриш топширилган.
Қайд этиш керакки, "Янги Ўзбекистон" кўчаси собиқ ТАПОиЧ яқинидаги йўлдан "Янги Ўзбекистон" боғигача чўзилган. Апрель ойида Шавкат Мирзиёевга ушбу ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаси тақдим этилган эди.
Лойиҳага кўра, бу ердаги бинолар тўрт қаватли, тўрт хил вариантда бўлади. Савдо ва хизмат кўрсатиш муассасалари биринчи қаватда, квартиралар ёки меҳмонхоналар юқори қаватларда жойлашган бўлади. Кўча бўйлаб пиёдалар ва велосипед йўлакчалари, шунингдек ер ости ва ер усти ўтиш жойлари қурилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, биноларда 1,7 миллион квадрат метр чакана савдо ва хизмат кўрсатиш майдони шакллантирилади. Улар асосида 14 мингта иш ўрни яратилади.