Учтепа ҳокимлиги туманда 3,7 трлн сўмга мактаблар эмас «сити» қурилиши тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирди

Улашиш:

Тошкент шаҳар Учтепа тумани ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда туманда янги мактаб қуриш кўзда тутилмагани, лекин 3,7 триллион сўмга «сити» қурилиши тўғрисида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Молия вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг «2021—2023 йилларда Тошкент шаҳрининг Учтепа туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасини муҳокамага қўйган. Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, лойиҳада аҳолиси табиий ва ички миграция ҳисобига ўсиб бораётган Учтепа туманида бирорта янги давлат мактабини қуриш кўзда тутилмаган, бироқ 2022 йил декабрга қадар «Учтепа сити» қурилиши қайд этилган.

Ҳокимликнинг маълум қилинишича, ҳақиқаан ҳам, 2020—2024 йиллар давомида Учтепа туманида лойиҳа қиймати 350 миллион долларга тенг бўлган «Замонавий Учтепа шаҳарчаси»ни барпо этиш режалаштирилган. Ушбу лойиҳа таркибида, истироҳат боғи, спорт комплекси, меҳмонхоналар билан бир қаторда ижтимоий кўмакга муҳтож аҳоли учун болалар боғчаси, мактаб ва тиббий клиника лойиҳаларини амалга ошириш ҳам белгиланган.

Натижада эса 6500 та янги иш ўринлари ташкил этилиб, банд бўлмаган аҳоли иш билан таъминланади ва даромад манбасига эга бўлади.

«Энг қизиғи ушбу шаҳарчанинг қурилиши учун давлат бюджетидан умуман маблағ жалб этилмайди, балки барча харажатлар ташаббускор тадбиркорлар ҳисобидан қопланади», — дейилади мусобатда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.