Маҳалла ўртасида 12 қаватли уй қурилиши вақтинча тўхтатилди

Улашиш:

Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги маҳаллада «WHITE RESIDENCE» томонидан қурилаётган кўп қаватли бино қурилиши аҳоли норозилиги сабаб вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Қурилиш вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан объект жойига чиқиб ўрганилган.

«WHITE RESIDENCE» МЧЖ раҳбарияти аҳоли билан муросага келмагунича қурилиш ишларини тўхтатиб турилиши белгиланган. Бу бўйича қурилиш компаниясидан кафолат хати олинган.

Кўп хонадонли турар-жой биноси қурилиши эскиз лойиҳаси учун 2022 йил 27 июнда Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармаси Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш бўйича Архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши ишчи органининг хулосаси олинган.

Ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатларига «Қурилиш лойиҳа экспертиза синов» МЧЖнинг 2020 йил 28 декабрдаги 43−1/22-сонли йиғма эксперт хулосаси берилган. Шундан сўнг 2022 йил 25 августда Тошкент шаҳар қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясидан қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун объект рўйхатдан ўтказилган ва инспекция томонидан тизимли назорат ўрнатилган.

Мазкур маҳалла вакилларининг айтишича, аввалига 2 қаватли бўлиши айтилган бино кейинчалик 12 қаватли уй экани маълум бўлган. Ушбу бино сабаб маҳалла инфратузилмасига ёклама ортиши мумкин.

«Бир қаватли ҳовли уйлар яқинида 12 қаватли уй қуриш эстетик жиҳатдан ҳам тўғри эмас», дейди маҳалла вакили.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.