Пригожиннинг қўзғолони Ростов-Дон шаҳрига деярли 100 миллион рублга тушди

Улашиш:

Жорий йилнинг 24 июнь куни «Вагнер» хусусий армиясининг қўзғолонга уриниши Ростов-Дон шаҳирига деярли 100 миллион рубль зарар келтирди. Бу ҳақда шаҳар маъмуриятига таяниб ТАСС агентлиги хабар берди.

«Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, автомобиль транспорти соҳасида етказилган зарар миқдори 28,8 миллион рублни ташкил этган. Шунингдек, беш бирлик ихтисослаштирилган коммунал техникага зарар етган. Уни қайта тиклаш учун биринчи навбатда 63,7 миллион рубль керак», — дейилади маъмурият хабарида.

Ростов-Дон маъмурияти раҳбари Алексей Логвиненконинг таъкидлашича, шаҳарда 12 минг квадрат метр йўл қисми ва 210 квадрат метр пиёдалар йўлаклари шикастланган.

Аввал хабар берганимиздек, Путиннинг хос одамларидан бири саналган Евгений Пригожин 23 июнь куни мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб раҳбари Валерий Герасимовни топширишни талаб қилган ҳолда ҳарбий исён бошлади.

ФХХ Пригожинга қарши ҳарбий қўзғолон учун жиноий иш очди. Путин «Вагнер» ширкати раҳбарининг ҳаракатини «орқадан пичоқ уриш» ва «хиёнат» деб атади.

Пировардида Беларусь президенти Александр Лукашенко воситачилигида исёнчилар билан сулҳга эришилгани хабар қилинди.

«Вагнер» бўлинмалари ўз лагерларига қайтиши, Пригожин эса Беларусга кетиши ҳақида келишувга эришилган.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.