Шойгу «Вагнер» мурожаатидан кейин ўқ-дори таъминотини «алоҳида назорат остида» сақлашни буюрди

Улашиш:

Аввалроқ, «Вагнер» асосчиси Евгений Пригожин ўқ-дорилар танқислигида Россия ҳарбий раҳбариятини айблаган ва Шойгуни беҳаё сўзлар билан сўккан эди. 

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Украинадаги уруш ҳудудига қурол-яроғ етказиб   беришни «алоҳида назоратда сақлаш» вазифасини топширди. Бу ҳақда Россия мудофаа вазирлиги хабар берди. 

Шойгу тегишли кўрсатмани Жанубий ҳарбий округда ўтказган текширув вақтида берган. 

5 май куни «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимовни ўқ-дорилар танқислиги сабабли ўз жангчилари ўлимида айблаётгани ва беҳаё сўзлар билан сўкаётгани тасвирланган видеони ижтимоий тармоқларда тарқатган эди. Видео ҳалок бўлган ёлланма аскарларнинг жасадлари фонида ёзиб олинган. 

Бир неча соат ўтгач, Пригожин янги видеони эълон қилиб, 10 май куни ўз жангчиларини Бахмутдан олиб чиқиб кетишини айтди, чунки «ўқ-дорилар танқис бўлган вазиятда улар бемаъни ўлимга маҳкум». 

Пригожин сингари Россия Мудофаа вазирлигининг айрим ҳаракатларини танқид қилувчи Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров вазирлик раҳбарияти «Вагнер» билан учрашмаганини «ёқимсиз» деди. Шу билан бирга, Қодировнинг таъкидлашича, чечен ҳарбий қисмлари ўқ-дори танқислигига дуч келса, «душманга ёқимли баҳона келтирмасдан» бу каби масалаларни пинҳона ҳал қилган. 

Евгений Пригожин ва «Вагнер» ўқ-дорилар танқислиги ҳақида аввал ҳам шикоят қилишган. Жумладан, 2023 йил февраль ойида. Шундан сўнг, Россия Мудофаа вазирлиги «ҳарбийлар учун ўқ-дориларни етказиб бериш бўйича барча муаммолар имкон қадар тезроқ ҳал қилинишига» ишонтирган эди. Аммо «Вагнер» томонидан бу масалани омма олдига олиб чиқилишини «фақат душман фойдасига ишлаши» ҳақида огоҳлантирган.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.