Фото: Picture Alliance
«Группа Вагнера» хусусий ҳарбий компанияси гепатит C ва ОИВ инфекцияси каби жиддий юқумли касалликларга чалинган маҳкумларни Украина билан урушга жўнатяпти. Бу ҳақда 25 октябр, сешанба куни Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси (БРБ) баёнот берди.
«Бу ҳолат кенг тарқалган. Шу тариқа, ОИВ ёки гепатит C билан тасдиқланган юздан ортиқ маҳкум Ленинград вилояти Металлострой поселкасидаги биргина 5-сонли ахлоқ тузатиш колониясидан "Вагнер" ХҲКга сафарбар қилинган», - дейди разведкачилар. Уларнинг сўзларига кўра, ОИВ билан касалланган жангчиларга қўмондонлик қизил браслетлар, гепатит C'га эга бўлганларга эса оқ рангли браслетлар тақиб қўяди. Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси асирга олинган руслар орасида бундай касалликларга чалинган одамлар аниқланганини қўшимча қилди.
Украина ҳарбийларига кўра, бу ҳолат рус қўшинларида кескинликни келтириб чиқармоқда, шифокорлар бундай касалликларга эга ярадорларга ёрдам беришдан бош тортмоқда. БРБ идора бундай маълумотни қаердан олганини очиқламади.
Одамнинг иммунитет танқислиги вируси ва гепатит C қон орқали, жумладан тиббий асбоблар етарли даражада стерилизация қилинмаган бўлса, жинсий алоқа орқали ва онадан болага юқиши мумкин.
Вагнер ХҲКнинг Украинадаги жанговар ҳаракатларда иштироки ҳақидаги биринчи хабарлар июнь ойида, учта ёлланма жангчи Киев вилоятида тинч аҳолига қарши жиноятларда гумон қилинган пайтда пайдо бўлган. Кейин маълум бўлишича, «вагнерчилар» март ойидан бери Украина шарқида рус армияси билан бирга жанг қилган. Июль ойида Украина томони ушбу ХҲК аъзоларини Азовсталдан бўлган украиналик асирлар сақланган Оленивкадаги собиқ колония ҳудудида содир бўлган портлашда айблади.
Август ойида «Русь сидящая» жамғармаси раҳбари Олга Романова DW нашрига маҳбуслар Россия колониялари ва тергов ҳибсхоналарида Вагнер ХҲКга қандай жалб қилинаётгани ҳақида гапириб берди. Унинг сўзларига кўра, гуруҳ раҳбари Евгений Пригожин «шахсан ўзи кўплаб ҳудудларни айланиб чиқяпти. У уларнинг тилида гапириб, ўзи судланганини ва жиноий жасоратга эга эканлигини айтяпти». Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, оғир жиноий моддалар: одам ўлдиришга суиқасд, баданга оғир шикаст етказиш, қуролли талончилик, талончилик бўйича судланган шахсларга устунлик берилган.
Сентябрь ойида маҳбуслардан бирининг хотини туфайли улар урушга мажбуран юборилгани маълум бўлди. Лондонда жойлашган Middle East Eye нашри таъкидлашича, Украинадаги оғир йўқотишлар туфайли вагнерчилар бошқа мамлакатларда жадал равишда жангчилар қидиришни бошлаган.
Украина: «Вагнер» гепатит ва ОИВ билан касалланган маҳкумларни ёллаяпти
Улашиш: