Ўзбекистон Украина Ташқи ишлар вазирлигига ушбу мамлакат ҳудудида жанг қилиб, ҳибсга олинган икки нафар ўзбекистонлик билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритиш илтимоси билан нота йўллаган

Улашиш:

Ўзбекистон Украина ТИВга ушбу мамлакат ҳудудида жанг қилиб, ҳибсга олинган икки нафар ўзбекистонлик билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритиш илтимоси билан нота йўллаган. 

Эслатиб ўтамизки, куни кеча Украина оммавий ахборот воситалари ушбу мамлакат ҳудудида жанг қилган икки нафар ўзбекистонликнинг гўёки Украина Қуролли кучлари томонидан ҳибсга олингани акс этган видеони тарқатган. 

Видеода кўрсатилишича, разведка гуруҳи Россия колоннасига ҳужум қилган. Украина аскарлари Россия техникасининг бир қисмини йўқ қилишга муваффақ бўлган ва яна бир қисмини экипажи билан бирга қўлга олишган. Разведкачилар маҳбусларни сўроқ қилиб, бу жараённи камерага ёзиб олишган. 

Ҳибсга олинган икки нафар шахс “Редут” хусусий ҳарбий компанияси таркибида жанг қилиш учун Ўзбекистондан Украинага келганини билдирган. Жумладан, самарқандлик 22 ёшли талаба Мухруддит Ярахмедовнинг айтишича, у мина отиш батареясида хизмат қилган, пул топиш учун хусусий ҳарбий компания таркибига аъзо бўлган. Иккинчи маҳбус Москвада ҳужжатсиз ишлаган ва кейинчалик рус ҳарбийлари сафига кириб қолган экан.

Мазкур ҳолат юзасидан батафсил ва ишончли маълумот олиш мақсадида Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси Украина Ташқи ишлар вазирлигига расмий нота юборган.

"Шу муносабат билан биз ушбу видео бўйича тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликка ва барча ҳолатларга якуний ойдинлик киритилишини кутишга чақириб қоламиз. Бу ҳақда қўшимча равишда хабар берилади", - дея қайд этган Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.