Янги уй олаётганлар билиши керак бўлган муҳим жиҳатлар

Улашиш:

Ўзбекистонда, афсуски, ноқонуний қурилиш қилаётган тадбиркорлар ва янги кўп квартирали уй қураман деб бир қатор камчиликларга йўл қўяётганлар ҳам тез-тез учрамоқда. Қурилиши ҳали битмаган ёки умуман бошланмаган уйлардан квартира сотиб олишда нималарга эътибор бериш керак? Бу ҳақда Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Элёр Комилов тушунтириш берди.

Билиш керак!

Ўзбекистонда улуш киритиш асосидаги уй-жой қурилишлари кўпайиб бормоқда. Бу борада харидорлар билиши керак бўлган айрим жиҳатлар мавжуд.

Уй сотиб олаётган фуқаро хусусий тадбиркорлар томонидан қурилаётган уйнинг Қурилиш вазирлиги Электрон платформасидан рўйхатдан ўтган ёки ўтмаганлигини текшириши керак. Бунинг учун уй олмоқчи бўлган фуқаро ушбу ҳавола орқали қурилаётган уйнинг рўйхатдан ўтганлигини текшириши керак. Бу ҳавола орқали ҳамма учун очиқ бўлган мажмуа номи, қурувчи ташкилот номи манзили ва шу каби маълумотларни олиш мумкин.

Қурилиш ташкилотлари қай тартибда рўйхатдан ўтказилади?

Қурилиш ташкилоти қурилаётган уйнинг маълумотларини электрон тартибда платформага юклайди ва маълумотлар ваколатли органнинг масъул ходими томонидан 3 иш кунида, агар барча ҳужжатлари тўлиқ бўлса, бир кун ичида кўриб чиқилиб, рўйхатдан ўтказилади.

Электрон рўйхатга киритиш учун қурувчилардан энг аввало, кўп квартирали уйларни қуриш учун белгиланган тартибда ажратилган ер участкаси ва қурилиш ишларини амалга оширишга бирламчи рухсат берувчи ҳужжатлар талаб этилади. Шунингдек, қурилиш мажмуасига кирадиган кўп квартирали уйлар ва бошқа қурилиш объектлари қийматининг 20 фоизидан кам бўлмаган миқдорда ўз молиявий ресурслари ёки мазкур маблағларга ёхуд унинг етишмаётган қисмига кредит ажратиш ҳақида банк кафолат хати ҳам зарур ҳисобланади. Кейинги талаблар қурилиш мажмуаси учун лойиҳа-смета ҳужжатлари ва ижобий экспертиза хулосаси ҳамда техник, муаллифлик назорати ва давлат назоратини амалга ошириш бўйича тегишли шартномалар тузилганлиги бўйича ҳужжатларни ҳам тақдим этади. Ва албатта, улушдорлар томонидан киритилган маблағларни жалб қилиш учун тижорат банкида алоҳида ҳисоб варақ очилганлиги энг муҳим жиҳатлардан биридир.

«Кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солиш чора-тадбирлари ҳақида»ги ПҚ-4732-сон қарорга асосан ташкил этилган электрон платформа кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш бозорини тартибга солиш, уй харид  қилаётган фуқароларни максимал даражада хавфлардан ҳимоялаш мақсадида фаолият олиб бормоқда. Рўйхатдан ўтган қурилиш ташкилотлари юқорида кўрсатилган талабларга асосан қурилиш жараёнини олиб бораётган бўлади.

Қурилиш давомида фуқаролар маблағларини жалб қилаётган қурилиш ташкилотлари Электрон платформадан рўйхатдан ўтиши шарт. Рўйхатдан ўтмасдан туриб қурилиш ишларига фуқароларнинг маблағларини жалб қилиш мумкин эмаслиги белгиланган ҳамда Электрон платформадан рўйхатдан ўтмаган қурилиш ташкилотлари қураётган кўп қаватли турар жой мажмуасини реклама қилиши ҳамда улушдорнинг маблағларини қурилишга жалб қилиши мумкин эмас.

Қурилиш ишлари тугалланган уйлар эгаларига топширилгандан кейин камида 2 йил давомида қурилиш объекти эксплуатациясининг кафолат муддатини амалга ошириб боради.

Шунингдек, қарорга асосан улушдор фуқаролар қуйидагиларни:

- қурилиш объектидаги қурилиш ишлари ҳолати билан танишишга;

- шартнома шартлари бажарилиши бўйича қурувчидан ёзма шаклда маълумот талаб қилишга;

- қурилиш объектларини қуриш устидан техник, жумладан, маблағларнинг мақсадли ишлатилиши устидан назоратни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юридик шахсларни ёки мутахассисларни жалб қилиш орқали амалга оширишга ҳақлидир.

Қурилиш устидан давлат назорати: Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси  ҳамда тегишли ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда амалга оширилиб борилади.

Кўп квартирали уй-жойларни улуш киритиш асосида қураётган қурилиш пудрат ташкилотлари юқоридаги қарорга асосан фаолият олиб боришлари лозим.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.