NASA 2040 йилгача Марсга астронавтларни олиб чиқмоқчи

Улашиш:

АҚШ Миллий аэронавтика ва фазони тадқиқ қилиш бошқармаси (NASA) 2040 йилгача Марс юзасига астронавтларни қўндиришни режалаштирмоқда, деди бошқарма бошлиғи Билл Нелсон.

«Бизнинг режамиз 2040 йилгача одамларнинг Марсга қадам қўйишини таъминлашдир», — деди Нелсон АҚШ ҳукуматининг 2023-молиявий йил бюджети лойиҳаси эълон қилингандан кейин йўллаган мурожаатида.

Унинг қайд этишича, ҳозирда Марсда тадқиқотлар давом этмоқда – сайёра юзасидан олинаётган маълумотлар Perseverance роверида тўпланмоқда, сайёра орбитасида эса унинг юзаси ва атмосферасини ўрганиш учун автоматик сайёралараро станциялар мавжуд. У, шунингдек, роверларнинг аҳамиятини таъкидлаб, уларни «тадқиқот учун зарур бўлган миссиянинг муҳим қисми» деб атади.

Нелсоннинг айтишича, космик кеманинг Марс атмосферасига кириб боришини секинлаштирадиган ва унинг сайёра юзасига хавфсиз қўнишига ёрдам берадиган пуфлама иссиқлик қалқони ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек, бошқарма бошлиғининг сўзларига кўра, NASA мутахассислари Ой ва Марсда ҳаётни сақлаб қолиш масаласи билан шуғулланмоқда. Жумладан, NASA машина ва жиҳозларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш имкониятларини кўриб чиқмоқда, бу мақсадлар учун давлат бюджетидан зарур инфратузилмани яратишга йўналтириладиган маблағлар ажратилиши режалаштирилган.

Бошқа нарсалар қаторида, АҚШ космик агентлиги астронавтларни Марсга олиб чиқишни тезлаштирадиган янги двигателларни ишлаб чиқмоқда.

28 март куни АҚШ президенти Жо Байден 2023-молия йили учун бюджет лойиҳасини таклиф қилди. Лойиҳага кўра, NASA илмий тадқиқотлар, Ерни ўрганиш ва космик технологияларни ривожлантириш учун тахминан 26 миллиард доллар олиши мумкин.

Шунингдек, бюджет лойиҳасида Марсдан тупроқ намуналарини олиб келиш миссияси учун 822 миллион доллар ажратиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, бюджетда Ойга роботлаштирилган миссияларни юбориш учун 480 миллион доллар ажратилган.

Эндиликда мамлакат бюджети лойиҳаси АҚШ Конгрессида тасдиқдан ўтиши керак.

Аввалроқ Европа космик агентлиги Россиянинг «Роскосмос» давлат корпорацияси билан Марсни тадқиқ қилиш бўйича «ЭкзоМарс» рус-европа қўшма лойиҳасидаги ҳамкорликни тўхтатаётганини маълум қилганди. Ўз навбатида, «Роскосмос» раҳбари Дмитрий Рогозин Россиянинг ўзи Марсга миссия жўнатишини айтди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.