Жиззах вилоят ИИБ хабарлари – қисқа сатрларда

Улашиш:

Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходимлари Арнасой тумани “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳаракатланаётган “УАЗ” русумидаги автотранспорт воситасини тўхтатиб, текшириш ўтказганда, ушбу автоуловда ҳеч қандай ҳужжатларсиз ноқонуний равишда 209 килограмм балиқ маҳсулоти олиб кетилаётгани аниқланди.

Тошкент вилояти Чиноз тумани “Янгичиноз” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи шахс ноқонуний юк ҳақида айтарли маълумот бера олмади. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.
*****
Худди шундай ҳолат Фориш тумани “Осмонсой” МФЙ ҳудудида ҳам қайд этилиб, унда “Дамас” русумли автоуловда 343 килограмм балиқ борлиги маълум бўлди. 
“Дамас” ҳайдовчиси, туманнинг “Учқулоч” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи шахс балиқларни Айдар – Арнасой – Тузкон кўли  бўйида сотиб олганлигини, шунингдек, пуллаш мақсадида Жиззах шаҳрига олиб бораётганини билдирган. Ушбу ҳолат юзасидан ҳам терговга қадар текширув ишлари бошланган.

******
Дўстлик тумани “Бунёдкор” МФЙда яшовчи қидирувдаги шахс вилоят ИИБ ходимлари томонидан Мирзачўл туманида қўлга олинди.
Бундай йўл тутилишига ушбу шахснинг ўғирлик қилгани, жинояти фош бўлгач, Дўстликдан жуфтакни ростлаб қолгани сабаб бўлганди. Қочоқ жорий йилнинг 3 мартидан буён қидирилаётган эди. Бузоқнинг қочар жойи самонхона, деганларидек, айбланувчи қочиб бориб яширинган манзилидан қўлларига кишан тақилиб, ҳибсхонага олиб борилди.

******
Дўстлик тумани “Саноатчилар” МФЙда яшовчи шахс фирибгарликнинг антиқа усулини қўллади ва шунга яраша жазосини олади.
Чунончи, у муайян ҳақ эвазига Мирзачўл туманининг “Ипак йўли” қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқарога ички ишлар органларидаги танишлари орқали, у аралашиб қолган жиноят ишини тугатишни ваъда қилади.
Бундан хабар топган соҳа вакиллари тезкор тадбир ўтказиб, 250 АҚШ доллари олган фириб устасини қўлга олди. Халқимизда қинғир ишнинг қийиғи 40 йилдан кейин ҳам чиқади, деган нақл бор. Аммо ҳозиржавоб ИИБ ходимлари ушбу қинғирликни 40 кунга ҳам бормай аниқлашди.Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

*******
Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ карантин гуруҳи ҳамда вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ходимлари томонидан “Сангзор-15” ЙПХ блок-постида Самарқанд – Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган “Cobalt” автомашинаси тўхтатиб текширилганида, унинг юкхонасида 484 килограмм йирик шохли ҳайвоннинг гўшт маҳсулоти борлиги маълум бўлди. 
Аниқланишича, гўшт санитария қоидаларига зид равишда Тошкент шаҳридаги “Чорсу” бозорига сотиш учун олиб кетилаётган экан. Бирламчи ветеринар врачи маълумотномаси бўлмаган гўшт белгиланган тартибда музхонага жойлаштирилган ва ҳозирда терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

******
Ғаллаорол тумани “Маданият” МФЙда истиқомат қиладиган шахс туманнинг “Кўкгумбаз” маҳалласи ҳудудидан оқувчи “Сангзор” дарёсига балиқ тутиш мақсадида бориб, қирғоқдан милтиқ топиб олди.
У “Тоз-8” русумли, 1 стволли, 5,6 калибрли ов қуролини ички ишлар органларига топширганидан сўнг милтиқ экспертиза қилинди. Таҳлил қуролнинг яроқсизлигини кўрсатди. 

********
Шароф Рашидов тумани “Хайробод” МФЙдан ўтувчи Тошкент – Термиз М-39 йўлининг 997-километрида йўл-улов ҳодисаси рўй берди. 
Самарқанд вилояти Иштихон тумани “Булоқбоши” МФЙда яшовчи шахс ихтиёридаги “Нексия” ҳайдовчиси бошқарувини йўқотиб, йўл четига ағдарилиб кетади. Оқибатда автоулов салонида бўлган йўловчи, Иштихон тумани “Файзобод” МФЙда истиқомат қилган шахс оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган. 
Шу автотранспорт воситасидаги Пастдорғом тумани “Чимёбот” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи яна бир йўловчи ўнг жағ соҳасининг ёпиқ синиши ташхиси билан шифохонага ётқизилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.