“Осмондаги болалар-3” фильми суратга олинади

Улашиш:

Кинематография агентлиги буюртмасига биноан “Ўзбекфильм” киноконцерни ДУК томонидан “Осмондаги болалар-3” бадиий фильми  яратилади. Фильм сценарий муаллифи ва режиссёр Зулфиқор Мусоқов. 

“Осмондаги болалар-3” тўлиқ метражли бадиий фильми аввалги қисмларини такрорламасдан ўзгача талқинда суратга олинади. Унда “Осмондаги болалар 1,2” фильмларидаги қадрдон қаҳрамонлар Хуршид, Жавоҳир, Ҳамдам ва Бахтиёрларнинг оталик мақомига эришгани ва фарзандлари билан муносабатлари акс этади.

Зулфиқор Мусоқов машҳур “Осмондаги болалар” фильмининг янги талқини ҳақида гапирди:

— Менга телефон ва ижтимоий тармоқлар орқали “Қачон “Осмондаги болалар” фильмини навбатдаги қисми чиқади? Бизга қаҳрамонларнинг тақдири қандай бўлгани жуда қизиқ” деган кўплаб мурожаатлар бўлди. Бундан билинадики, томошабин уларни ўзлари билан бир ҳаётда яшаётгандек қабул қилган.
Шундан сўнг, “Осмондаги болалар-3” фильмини сценарийсини ёздим. Уни Кинематография агентлиги Бадиий кенгашига тақдим қилдим. Кенгаш фильм сценарийсини ижобий баҳолади. Ҳозирда ижодий гуруҳ билан мазкур кинофильм устида иш бошлаганмиз.

Қаҳрамонлар ўша-ўша. Актёрларга таклифимни айтганимда, улар бажонидил рози бўлди. Фильмда Хуршид  кўзга кўринган жарроҳ, Ҳамдам таниқли сценарист, Жавоҳир спорт мураббийи бўлиб етишади. Бахтиёр эса отасининг изидан бориб, бизнес билан шуғулланади.

Маълумот учун, Ўзбекистон санъат арбоби, кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқов “Абдуллажон”, “Бомба”, “Кичкина табиб”, “Осмондаги болалар 1, 2”, “Ватан”, “Хазонрезги”, “Қўрғошин”, “Новда”, “Қовун”, “Дадам бетоб”, “Берлин-Оққўрғони”, “Ҳайрат” каби фильмларни суратга олган.

Кинематография агентлиги Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.