Жиззахда футбол байрами бўлиб ўтмоқда

Улашиш:

Жорий йилнинг 1-2 апрель кунлари Жиззах вилоятида ўзбек футболининг 110 йиллигига бағишланган тантаналар бўлиб ўтади. Жиззах вилояти футбол ассоциациясининг 1-вице-президенти Анвар Мусулмоновнинг маълум қилишича, Жиззахда ушбу сана муносабати билан бир қатор тадбирлар ташкил этиш режалаштирилган.

Режага мувофиқ Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти, мамлакатимизда футболни ривожлантиришга ҳисса қўшган собиқ футбол юлдузлари, мураббийлар, ҳакамлар, спорт мутахассислари иштирокида ўзига хос футбол байрами ўтказилиши кўзда тутилган. Дастурдан спорт таълим муассасаларида ёш футболчилар ва тадбир иштирокчилари билан фестиваль ҳамда мастер класслар, ЎФА ва Жиззах вилояти фахрийлари ўртасида ўртоқлик учрашуви, Жиззах олимпия захиралари коллежи, “Сўғдиёна” ПФК футбол академияси, вилоят ФММларининг янги қурилган биноларида футбол билан шуғулланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиш, “Сўғдиёна” марказий стадиони захира майдонида мухлислар билан ўзбек футболи юлдузлари иштирокида уч авлод учрашуви, эстрада юлдузларининг концерт дастури, “Суперлига-2022” чемпионатининг “Сўғдиёна”–“Олимпик” жамоалари учрашуви каби маросимлар ўрин олган. 

Бугун Жиззахда Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти, мамлакатимизда футболни ривожлантиришга ҳисса қўшган фахрийлар, таниқли футбол мутахассислари карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди. Дастлаб улар Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов ҳайкали пойига гуллар қўйиб, атоқли давлат ва жамоат арбобини ёд этди.

Футбол ривожига салмоқли ҳисса қўшган фахрийлар Баҳром Сиддиқов ва Наримон Абибуллаев хонадонларида бўлиб ўтган учрашув ёрқин таассуротларга бой бўлди. Фахрийларга эсдалик совғалари топширилди.

Шундан сўнг, вилоят ҳокимлигида вилоят ҳокими Эргаш Салиевнинг меҳмонлар билан учрашуви ва матбуот анжумани ўтказилди. 

Тадбирлар давом этмоқда.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.