Бечора қизлар ҳақиқий махлуққа дуч келишган. Мабодо менинг кўрсатмаларим уни бир умрга қамайдиган бўлса, хурсанд бўлардим. Бошланғич синф ўқувчи қизларига тегажоқлик қилган тошкентлик психологнинг қизи отаси ҳақидаги даҳшатли хотиралари билан ўртоқлашди.
Учинчи ва бешинчи синф ўқувчиларига бузуқлик қилган Тошкентдаги 158 сонли мактабнинг психологи Азад Гасановнинг қизи мактуб ёзган. Унинг мазмуни зўравонликка қарши Nemolchi.uz лойиҳаси томонидан чоп этилган.
“Афсуски, мен унинг қизиман. Лекин мана 20 йилдирки, бошқа давлатда яшаяпман. Қизлар ҳақиқий махлуққа дуч келишган. Мабодо менинг кўрсатмаларим уни бир умрга қамайдиган бўлса, хурсанд бўлардим. Бу одам ҳақидаги хотираларим унчалик кўп эмас, лекин бори ҳам мени буғади”, - деди у.
Унинг сўзларига кўра, Гасанов деярли ҳеч қачон уйда бўлмаган, оиласи доим қашшоқликда яшаган, онаси кўпинча дўстлари орқали овқат топишга ҳаракат қилган, аммо ҳар доим ҳам бунинг иложи бўлмаган.
"Оч ётган кунларимизни эслайман. У эса мазза қилиб ресторанларда юрарди, ўйнашларига пул сарфларди. Эслашимча, у асосан ноқонуний йўллар билан пул топарди – фирибгарлик қиларди, қарз оларди, эҳтимол мафияга ҳам алоқадордир. Бир пайтлар "ёмон амакилар" уни қидириш учун келганини ва у шифоньерга яширинганини эслайман. Бир сафар одамлар эшикни бузиб, қурол билан кириб келганларини биламан. Бу қандай тугаганини эслай олмайман", - дея қўшимча қилди у.
“У онамни ва акамни калтакларди, аммо негадир менга тегмасди. Бир гал, у яна қарзга ботганида, онамни биз яшаб турган ва унинг номида бўлган квартирани сотишга кўндира бошлади. Онам рози бўлмади. У ҳақиқий ҳайвон каби онамни ура бошлади. Шу пайт акам ва мен мактабга кетаётган эдик, мен 8 ёшда, акам 7 ёшда эди. Онам бизни қўшнимиз билан мактабга юборди. Биз бу ҳақда ҳеч ким билан гаплашмадик, лекин уйга қайтганимизча онам тирик қолмайди, деб ўйладим. Худога шукур онам бор эди. У кўкариб, диванда ётган эди. Йиғлаб турган бўлсада, тирик эди! Шундан кейин ҳам у уни қайта қабул қилди”, - дея таъкидлади у.
Қиз 10 ёшда бўлганида отаси ва онаси ажрашган.
"У онамга телефон орқали бошқа аёл борлиги ва у билан яшашни истаётганини айтди. Бир неча йил ўтгач, биз бошқа мамлакатга кўчиб кетдик ва аста-секин алоқа узилди. Охирги марта гаплашганимизга 20 йил бўлгандир, ўшанда 15 ёшда эдим. Унинг оиласи бизни ҳеч қачон қабул қилмаган, чунки онам жуда оддий оиладан чиққан. Уларнинг ҳар доим пули ва алоқалари бўлган. Назаримда, шу алоқалари туфайли у тавсиянома олган бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳозирги иш жуда ноаниқ кўринади", - дея таъкидлади психологнинг қизи.
"Ёшим улғайган сари, у бизга етказган зарарни тушуна бошладим. Онамнинг руҳини ўлдирди, тирнади, яралади, бизнинг кичик юракларимизни вайрон қилди. Буни тўғри, яхши одамлар ўқишади деган умиддаман. Балким, улар қандай шайтонга дуч келишганини тушунишар ва уни муносиб жазолаш учун ҳамма нарсани қилишар. У оддий одамлар билан яшай олмайди! Унинг қувониши, кўнгилочарлик қилиши мумкин эмас, у жамиятнинг саратон касаллиги ва уни иложи борича тезроқ олиб ташлаш керак!",- дея якунлади у.
Тахририят билан мулоқотидан:
Nemolchi.uz: Нима деб ўйлайсиз, унда психик бузилиш борми? Менимча у жинни эмас. Жуда айёрга ўхшайди... Ахир психоневрологик диспансерга ўзи борганку, илгари у ерда ҳисобда турмаган. Ота-оналар директорга шикоят қилишганида у ёшлигида жинсий зўравонликка дуч келгани, унга на эркаклар, на аёллар ёқишини айтган. Гўёки ўзини англаш учун психологияни танлаган эмиш. Ҳозир эса сизнинг ҳикоянгиз, хотини, болалари ва ўйнашлари ҳақида ўқиб, ёшлигида бошидан кечиргани ёлғондир, деб ўйлаб қолдим.
Қизи: Ҳаммаси ёлғон. Отаси уни калтаклаб турган, лекин жинсий зўравонлик ҳақида эшитмаганман. Бир томондан, соғлом одам шундай махлуқ бўлиши мумкинми, деб ўйланиб қолдим. Бошқа бир томондан, у ўта ақлли ва айёр одам. У социопат ва нарцисс. Психопат эканлигига амин эмасман.
Яхшиямки, мен осон қутулганман. Оилам ва мени севадиган эрим бор, иккит нафар боланинг онасиман. Лекин ёшликда олинган жароҳат бир умрга қоларкан. Ҳозиргача психологга қатнаб, катта пул сарфлайман. Умид қиламанки, қизларнинг ҳам тақдири яхши бўлади.