От спорти турларини ривожлантириш бўйича Президент қарори қабул қилинди

Улашиш:

                                Фото: «Uz.sputniknews.ru»

Сурхондарё вилоятида қорабайир зотли отларни етиштириш ва оммалаштириш ҳамда от спорти турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинди.

Миллий меросимизнинг ажралмас қисми бўлган Қорабайир зотли отларни кўпайтириш ҳамда уларни от спортига кенг жалб этиш, мамлакатимизда от спорти турларини янада ривожлантириш мақсадида:

Миллий гвардия ҳузурида Қорабайир отлари маҳорат мактаби ташкил этилади.

Сурхондарё вилояти, Термиз тумани, Янгиобод маҳалласи ҳудудидаги 64,6 га ер майдони бино ва иншоотлари билан бирга Миллий гвардиянинг балансига ўтказилади ва унда Қорабайир отлари маҳорат мактаби жойлаштирилади.

Миллий гвардия (Р.Джураев), Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (Т.Боболов) ва Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси (Б.Газиев) Қорабайир отлари маҳорат мактаби фаолиятини 2021 йил 1 октябрдан бошлаб тўлиқ йўлга қўяди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (Т.Боболов) икки ой муддатда Қорабайир отлари маҳорат мактаби отларига озуқа базасини яратиш мақсадида 100 га суғориладиган ер майдонини белгиланган тартибда ажратиш чораларини кўради.

Қуйидагилар Қорабайир отлари маҳорат мактабининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

ёш авлод чавандозларини тарбиялашга йўналтирилган миллий от спорти мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказишда Қорабайир зотли отлардан фойдаланишни оммалаштириш ҳамда миллий от спортининг халқаро довруғини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

йилқичиликда наслчилик ишларини такомиллаштириш йўли билан Қорабайир зотли отлар бош сонини кўпайтириш;

Қорабайир зотли отларни сақлаш ва сифатли ветеринария хизмати кўрсатиш ишларини яхшилашга кўмаклашиш, шунингдек, жаҳон бозорида от зотлари орасида Қорабайир от зотининг рақобатбардошлигини таъминлаш;

аҳолининг кенг қатламини, айниқса ёшларни, Қорабайир отлари маҳорат мактабидаги секция ва клубларга жалб этиш.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.