Қашқадарёда мактаб директори ўз жонига қасд қилиб, хатлар ёзиб қолдирди

Улашиш:

«Nasafnews» Китоб туманидаги мактаб директори ўзини осгани, вафотидан олдин хат ёзиб қолдиргани ҳақида хабар тарқатди.

Айтилишича, хатда «Ҳар қандай ҳолатда ҳам коррупцияга йўл қўйманг. Мактабдаги «тўнкалар» ҳам ишласин, халқнинг боласини кўзини ўйманг, сизлардан илтимос», деган жумлалар бор.

Бош прокуратура матбуот хизмати тарқатилган хабарга ойдинлик киритди. Маҳкама матбуот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, Китоб тумани «Боғбон» МФЙда истиқомат қилувчи Л. Эшқобилов ва бошқалар шу йилнинг 8 сентябрь куни туман прокуратурасига мурожаат қилиб, жияни Н.Т. ўз жонига қасд қилганлигини билдирган ҳолда айбдор шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Аниқланишича, марҳум Н. Т. Китоб туман халқ таълими бўлимига қарашли мактабларнинг бирида директор лавозимида ишлаб келган. У шу йилнинг 31 август куни ўзи раҳбарлик қилган мактабнинг маъмурий биносида ўзини осиши натижасида вафот этган.

Туман ИИБ ходимлари Н.Т.нинг ўлими ҳолатини аниқлаш учун марҳумнинг уйига борганларида унинг яқин қариндошлари мурдани суд-тиббиёт экспертизаси кўригидан ўтказмаслик мақсадида юрак хуружидан вафот этганлигини айтишиб, жасадни шу куннинг ўзида кўмиб юборишган.

Айни пайтда ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Туман халқ таълими бўлими, туман ички ишлар бўлими, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш марказининг Китоб тумани бўлими ходимлари ҳаракатларига нисбатан хизмат текширувлари тайинланган.

Текширув ҳаракатлари давомида Н.Т.нинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида жасадни эксгумация қилиш йўли орқали суд-тиббиёт экспертизасидан ўтказиш тушунтирилганда, марҳумнинг яқин қариндошлари бунга (эксгумация қилишга) мутлақо қарши эканликларини билдиришган.

Марҳум ўлимидан аввал 3 нусхада тилхат ёзиб қолдирган бўлиб, ушбу тилхатлар унинг тоғаси Л.Эшқобиловда сақланаётганлиги аниқланган.

Ушбу тилхатларни терговга қадар текширув заруратига кўра судга оид хатшунослик экспертизаси тайинлаш учун тақдим қилиш талаб этилганда, Л.Эшқобилов ушбу ҳужжатларнинг нусхасини тақдим қилиб, асл нусхаларини тақдим қилишдан бош тортган.

Ҳозирда Китоб тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.
Daryo.uz'га кўра, марҳум 47 ёшда бўлган. Нашр Китоб туман ХТБ мудири Авлоқул Авлаев билан боғланган.
«Апрель ёки май ойлари эди, марҳумнинг ИИБда ишловчи укаси Ш.Т. ёнимга келиб: «Акам ичкиликка берилиб қолган, даволатганмиз, аммо фойдаси бўлмаяпти. Шунинг учун ишдан бўшатиб юборинг. Сизларни ҳам, бизни ҳам қийнаб қўймоқда», деди», – деган Авлаев.

Мудирнинг қўшимча қилишича, Нурбек Турдиев тумандаги 13-мактабга 2018 йилдан бери раҳбарлик қилиб келган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.