Муқаддас рамазон ойи хайрли ишларга бой бўлди. Жумладан, Жиззах вилоят 4-сектори раҳбари, вилоят ДСБ бошлиғи Б.Ташпулатов Зомин туманидаги эҳтиёжманд оила холидан хабар олди. Истиқлол қишлоқ фуқаролар йиғини, Ём қишлоғида яшовчи Раҳмонали ва Муборак Каримовлар 4-сектор раҳбариятига шахсан мурожаат этган эди. Бугун ушбу оила вакиллари эҳтиёжи учун зарур бўлган махсулотлар, маиший техника воситалари мурожаатга асосан шахсан топширилди.
Айни пайтда уларни қийнаб келаётган бошқа масалаларга ҳам ечим топиладиган бўлди. Банкдан мавжуд 4 млн. 600 минг сўмлик кредит қарзи сўндириладиган бўлди. 3 нафар фарзандларининг саломатлигини тиклаш мақсадида турли хил дори воситалари олиб берилади.
Шунингдек, ушбу кўча вакилларини бир неча йилдан бери ичимлик суви муаммоси қийнаб келади. Аҳоли сувни бир неча км масофадан ташлаб истеъмол қилар эди. Тез кунларда сектор кўмаги билан ушбу кўчада яшовчи оилаларга 80 метр чуқурликдан артезиан қудуғи кавлаб беришга ваъда қилинди. Мазкур савоб иш учун дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 30 млн. сўм талаб қилинади.
Шунингдек, ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи ногиронлиги бор шахслар учун 21 та аравача, 10 та ҳасса ва 12 та қулоқ эшитув аппаратига эҳтиёж мавжудлиги аниқланди. Яқин кунларда ушбу воситалар ўз эгаларига топширилади.
Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати