Аҳолини рўйхатга олишнинг асосий тушунчалари

Улашиш:

Аҳолини рўйхатга олиш – Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг муайян ҳудудларида ўтказиладиган, белгиланган санада аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий тавсифларини белгиловчи шахсга доир маълумотларни йиғиш ва уларга ишлов бериш даврий жараёни;

аҳолини рўйхатга олиш санаси – аҳоли тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва ҳисобга олиш амалга ошириладиган аниқ пайт (йил, ой, кун ва соат);

респондентлар – аҳолини рўйхатга олиш санасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи, лекин аҳолини рўйхатга олиш санасида унинг ҳудудидан ташқарида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;

рўйхатга олиш варағи – кўрсатилган саволлар бўйича шахсга доир маълумотларни ёзиб олиш учун белгиланган шаклдаги бланка;

рўйхатга олиш ҳужжатлари – аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнига тааллуқли ҳужжатлар мажмуи;

рўйхатга олувчи ходимлар – Ўзбекистон Республикасининг аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўришга ва уни ўтказишга жалб этилган, махсус ўқувдан ўтган вояга етган фуқаролари;

уй хўжалиги – битта турар жойда ёки унинг бир қисмида биргаликда яшайдиган, ўзини яшаш учун барча зарур нарсалар билан таъминлайдиган, умумий хўжалик юритадиган, пул маблағларини тўлиқ ёки қисман бирлаштирадиган ва сарфлайдиган шахслар йиғиндиси. Бу шахслар қариндошлик муносабатларида бўлиши ёки бўлмаслиги мумкин. Уй хўжалиги битта шахсдан иборат бўлиши мумкин.

  

Жиззах шаҳар статистика бўлими

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.