Рўйхатга олиш ишлари икки хил усулда ўтказилади

Улашиш:

Қарор билан белгиланган Шахсга доир маълумотларни йиғиш тартибига кўра, рўйхатга олиш ишлари икки хил усулда —қоғоз шакли ҳамда интернет тармоғи орқали амалга оширилади.

Биринчи усулда рўйхатга олувчи ходимлар уйма-уй юриб, сўров ўтказади ва саволлардан иборат варақани респондентларнинг сўзлари асосида тўлдиради. Бунда рўйхатга олиш ишлари беш хил шаклдаги сўровномалар—турар жойнинг хусусиятлари ва унда яшовчилар рўйхати, шахсга оид саволнома, Ўзбекистон Республикасига вақтинча келган чет эл фуқаролари учун саволнома, аҳолининг айрим тоифаларига нисбатан шахсга доир маълумотларни йиғиш бўйича саволнома ҳамда вақтинча турган жойи бўйича Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун назорат варақаси бериш асосида ўтказилади.

Сўровномалар асосий демографик кўрсаткичлар, аҳолининг  механик ҳаракати, миграцияси, миллий хусусиятлари, фуқаролиги, таълим даражаси, уй хўжалиги аъзоларининг  иқтисодий ҳолати, болалар сонига оид саволлардан иборат бўлади. Яшаб турган хонадонида рўйхатдан ўтишни истамаган респондентлар учун рўйхатга олиш сўровномаларини тўлдириш уларнинг ўзлари яшаб турган маҳаллаларда ташкил этиладиган инструкторлик участкаларида амалга оширилади. Респондентлар томонидан тақдим этилган шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги ва уларнинг мазмуни ошкор этилмаслиги рўйхатга олувчи томонидан кафолатланади.

Иккинчи усулда респондентларга қулайлик яратиш мақсадида интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади. Бунда сўровномалар аҳолининг ўзи томонидан махсус дастур орқали тўлдирилиб, белгиланган электрон манзилга жўнатилади.

 

                                                                            Жиззах шаҳар статистика бўлими

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.