Жиззахда "Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан амалий - услубий семинарлар ўтказилмоқда

Улашиш:

Дўстлик туманидаги маданият саройида вилоятнинг Дўстлик, Арнасой, Пахтакор ва Мирзачўл туманлари учун, Жиззах давлат педагогика институтида бўлиб ўтган семинарда вилоятнинг қолган туманларидаги илмга чанқоқ ёшлар ва давлат хизматчилари учун  Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти филиали, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда юртимизни янада жадал ривожланиши учун жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош ва юқори малакали мутахассисларни нуфузли хорижий олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларида тайёрлаш билан боғлиқ янгиликларни ёшлар орасида кенг тарғиб этишга қаратилган амалий-услубий тартибдаги семинарлар бўлиб ўтди.

Ушбу семинарларда вилоятдаги умумтаълим ва ихтисослашган мактаблар битирувчи синф ўқувчилари, олий таълим талабалари, магистрлар, ташкилот, бошқарма ва муассасаларнинг масъул ходимлари ва давлат хизматчилари иштирок этишди.

-

Ушбу ҳудудий амалий-услубий семинарлардан кўзланган асосий мақсад иқтидорли ва истиқболли, айниқса юртимизнинг барча ҳудудларидан ёш мутахассисларни излаб топиш ва танлашга қаратилган фаолиятни тубдан такомиллаштириш ва янада модернизациялаш, уларни «Эл-юрт умиди» жамғармасининг таълим дастурлари асосида хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда таълим олишини ташкил этишдан иборат, - дейди семинарда сўз олган "Эл-юрт умиди” жамғармаси директори ўринбосари Жавохир Ахмедов. - Профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини шакллантириш ва уларни давлат хизматига жалб этиш бизнинг асосий мақсадимиздир.

Семинарда жамғарма томонидан ёшларга яратилаётган имкониятилар, ажратилаётган хорижий грантлар, стипендия танловларининг талаблари ва қандай қилиб Жамғарма стипендиясини қўлга киритиш мумкинлиги тўғрисида тушунчалар берилди ҳамда тақдимот қилиб берилди. Тақдимотда илғор хорижий давлатларнинг нуфузли университетлари ва илмий марказларида бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш учун 366 ўринга мўлжалланган 2022 йилги 2-стипендия танлови тартиби билан боғлиқ янгиликлар вилоят ёшлари ва иштирокчиларга етказилди.

Тадбир сўнгида иштирокчилар томонидан тушган саволларга атрофлича жавоблар берилди.

Толибжон ЭРГАШЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги

Жиззах вилоят филиали Инсон ресурслари ва кадрлар

салоҳиятини ривожлантириш бўлими бош инспектори

 

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.