Гул етиштирувчилар уюшмаси ташкил этилди

Улашиш:

Ўзбекистонда Гул етиштирувчилар уюшмаси ташкил этилди. Андижон, Наманган ва Жиззах вилоятларининг бир қатор туманлари гул етиштиришга ихтисослаштирилади.

Республикада гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини ривожлантириш, шу жумладан, гул етиштиришда аҳоли билан кооперация муносабатларини йўлга қўйиш, соҳа мутахассислари малакасини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларига илмий ишланмаларни жорий этишда тадбиркорларга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида Гул етиштирувчилар уюшмаси ташкил этилди. Бу ҳақда 4 августда қабул қилинган президент қарорида айтилмоқда.

Ҳужжатга асосан Андижон вилоятининг Андижон, Избоскан ва Олтинкўл туманларини, Наманган вилоятининг Наманган ва Давлатобод туманларини ҳамда Жиззах вилоятининг Зомин ва Ғаллаорол туманларини гулчиликка ихтисослаштирилади. Бу ерда тажриба тариқасида гулчилик кластерлари ташкил қилинади.

Гулчилик фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларининг ўз фаолиятларини кенгайтиришлари учун 0,06 гектардан 1 гектаргача ер майдонлари очиқ электрон танлов орқали 30 йилга ижарага берилади. Бундан ташқари «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларга гул етиштириш бўйича агротехник тадбирларни ўргатиш мақсадида учун 25 та «Гулчилик ўқув полигон"лари ташкил этилади.

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олий таълим муассасаларида Гулчилик магистратура мутахассислиги йўналиши очилади.

Тошкент давлат аграр университетида Туркиянинг Испарта амалий фанлар университети билан ҳамкорликда Манзарали боғдорчилик ва гулчилик соҳасида кадрлар тайёрлашни қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилади.

Ишсиз фуқароларни гулчилик соҳасига ўқитиш мақсадида икки ой муддатда Андижон вилояти Шаҳрихон тумани, Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани ва Тошкент вилояти Зангиота туманидаги агротехнологиялар техникумларида ландшафт дизайни, гулчилик селекцияси ва кўчатчилик йўналишларида ўрта бўғин кадрларни тайёрлаш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади.

Тошкент вилоятида «Гулчиликка ўқитиш маркази» фаолияти йўлга қўйилади. Унга Нидерландия, Туркия ва Таиланддан малакали мутахассислар жалб қилинади.

Қарорга асосан, Гул етиштирувчилар уюшмаси учун Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 20 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади. Ушбу маблағ хорижий мамлакатлардан эксперт ва мутахассисларни жалб қилиш, маҳаллий кадрларни тайёрлаш, халқаро гуллар фестивали ва кўргазмаларда иштирок этиш ҳамда илмий конференцияларни ўтказиш, соҳага оид замонавий хорижий адабиётларни олиб келиш ва таржима қилиш, гулчилик соҳасига оид маҳаллий илмий ишлар, монографиялар ва нашрларни рағбатлантириш, гул турлари тизимини яратиш (соғлом ва бошланғич гул етиштириладиган кўчатхоналар) учун сарфланади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.